Билл Гейтс бор бойлигини хайрияга сарфлашини эълон қилди
Олам
−
08 Май 8072 2 дақиқа
Microsoft компанияси асосчиси ва миллиардер Билл Гейтс ўз шахсий бойлигининг деярли барчасини келгуси 20 йил ичида хайр-эҳсонга сарфламоқчи. Бу ҳақда у ўзининг “Gates Notes” сайтида эълон қилди.
Унинг билдиришича, 200 миллиард доллар миқдоридаги маблағ Гейтс фонди (Gates Foundation) орқали инсоният ҳаётини сақлаб қолиш ва яхшилаш учун йўналтирилади.
“Кейинги 20 йил ичида мен ўз бойлигимнинг деярли барчасини Гейтс фонди орқали дунё бўйлаб одамлар ҳаётини сақлаш ва яхшилаш мақсадларига сарфлайман. 2045 йил 31 декабрь куни фонд ўз эшикларини бутунлай ёпади”, деб ёзди Гейтс ўз сайтида.
“Reuters”нинг ёзишича, Гейтс АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан қисқартирилган ёки тўхтатилган кўплаб ёрдам дастурларини танқид қилган. У ўз мақсадлари қаторида янги туғилган чақалоқлар, болалар ва оналарнинг ўлимига олиб келувчи “олдини олиш мумкин бўлган сабаблар”га қарши курашишни, полиомиелит, безгак ва қизамиқ каби касалликларни йўқ қилишни ва қашшоқлик даражасини пасайтиришни кўрсатган.
“Ўлимимдан кейин одамлар мен ҳақимда кўп гап айтишади, лекин улар шундай демаслигини истайман: “У бой бўлиб ўлди”, деган Гейтс.
CNN телеканалига кўра, Билл ва унинг собиқ рафиқаси Мелинда 2000 йилда ташкил этган фонд аввал бошда улар вафот этганидан сўнг ҳам узоқ йиллар фаолият юритиши керак эди. Аммо Гейтс энди маблағларни ана шундай узоқ кутилмайдиган муддатда тўлиқ йўналтиришга қарор қилган.
Гейтс фонди тузилганидан буён жами 100 миллиард доллар хайрия қилган, жумладан, ОИТС, сил ва безгакка қарши кураш дастурларига. “Bloomberg” маълумотларига кўра, Билл Гейтснинг ҳозирги бойлиги тахминан 108 миллиард долларга тенг.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Билл Гейтс машҳур ҳинд блогери Ражу Шаманига берган интервьюсида бойлигининг асосий қисмини фарзандларига мерос қилиб қолдирмаслигини маълум қилганди.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь