Беҳзод Мусаев янги лавозимга тайинланди
Жамият
−
23 Сентябрь
17685Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири лавозимидан озод этилган Беҳзод Анварович Мусаев Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига раҳбар этиб тайинланди. Бу ҳақда бугун, 23 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қурилиш индустрияси ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
Давлат раҳбари мамлакат олдида ташқи меҳнат миграцияси соҳасида очилаётган улкан имкониятларни тўлиқ ишга солиш зарурлигини таъкидлади. Агентлик ҳукумат бўйсунувига ўтказилиши айтилди.
Шунингдек, агентликка фуқароларнинг хориждаги юқори даромадли меҳнат бозорларига кириши бўйича бошланган ишларни жадаллаштириш топширилди. Ҳокимлар ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар хорижда меҳнат қилаётган аҳоли тақдири учун агентлик билан тенгма-тенг жавобгар бўлиши белгиланди.
Маълумот учун, Беҳзод Мусаев 1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1995 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2004 йилда Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг Олий бизнес мактабини тамомлаган. 2018 йил май ойида Давлат солиқ қўмитаси раҳбари, 2020 йил 14 майда Бош вазирнинг ижтимоий ривожланиш бўйича ўринбосари, 2021 йил 11 ноябрда Соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланган. 2022 йил 30 декабрдан бошлаб Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири сифатида ишлаб келаётганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ботир Зоҳидов Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири этиб тайинлангани хабар қилинганди.
LiveБарчаси