Бесоқолбозлик тарғиботчилари Тошкентда концерт бериши ортида ким турибди?

Маданият-санъат

image

Жорий йилнинг 25 декабрь куни Тошкентдаги "Humo Arena" комплексида россиялик 6 нафар тик-токер иштирокида "Тik Tok Fest" шоу-концерт дастури ўтказилиши режалаштирилмоқда. Унда иштирок этувчи тик-токерлар Аня Покров, Ваня Дмитриенко, Даня Милохин, Анет Сай, Артур Бабич, Егор Шип асосан ижтимоий тармоқда шарқ қадриятлари ва тарбиясига зид, оммавий маданият ниқоби остидаги, шунингдек бесоқолбозликни тарғиб қилувчи айрим чиқишлари билан “тилга тушган”. Шу боис ушбу шоу дастури жамоатчилик фаоллари томонидан танқидларга сабаб бўлмоқда. Кўпчилик шоунинг ташкил этилишида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигини айбламоқда. Ўз навбатида Маданият вазирлиги мазкур концертнинг ташкилий ишлари, жумладан лицензия беришда ҳам иштирок этмагани хусусида баёнот билан чиқиб, ташкилотчиларни ушбу масалага жиддий ёндашишга чақирди. 

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ- 6044-сон Фармони 2-иловаси 32-бандига мувофиқ, концерт-томоша тадбирига бир марталик рухсатнома бериш ваколатли бўлган — Ички ишлар вазирлиги, Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади. Шу асосда, концерт-томошаларнинг савияси, мазмун-моҳияти, ғоясини таҳлил қилиш, томоша бўйича якуний хулосалар бериш ҳам Маҳаллий ижроия ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган тузилманинг вазифаси ҳисобланади.

Шунингдек, юқоридаги каби шоу-концерт томошаларини ташкил этиш Маданият вазирлиги томонидан эмас, хусусий тадбиркорлар томонидан амалга оширилади.

Шу боис, Маданият вазирлиги "Тik Tok Fest" шоу-концерти юзасидан барча савол ва мулоҳазаларни юқорида келтириб ўтилган ваколатли мутассадди органларга йўллашни тавсия қилади.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон ҳудудида ўтказиладиган ҳар қандай маданий-маърифий тадбирлар, шоу-томошалар ҳамда концерт дастурлари ўзбек халқи миллий менталитети, ахлоқий тарбияси, тарихан бой маданияти, ёшлар дунёқараши бу каби шоу-дастурларни асло қабул қилмайди. Маданият вазирлиги "Тik Tok Fest" шоу-концертини маънавий жиҳатдан ёшлар онгига, дунёқарашига салбий таъсир этади, деб ҳисоблайди. Зеро, бир неча минг йиллардан буён шаклланиб, қон-қонимизга сингиб кетган инсоний фазилатлар, одоб-ахлоқ меъёрлари таъсирида пайдо бўлган тарбиямиз ҳам буни рад этади”, дейилади вазирлик баёнотида.

QALAMPIR.UZ’га оид маълумотларга кўра, жорий йилнинг 18-25 декабрь кунлари Тошкентда “Ўзбекистон ёшлари форуми” бўлиб ўтади. Форумнинг асосий ташкилотчилари қаторида эса Ёшлар ишлари агентлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигини кўриш мумкин. Ёшлар форумининг сўнгги куни эса ажнабийларнинг миллатимизга ёт чиқишлари ва онгости ғоялари сингдирилган "Тik Tok Fest" шоу-концерт дастури билан якунланиши режалаштирилган бўлса, не ажаб. 


Мақола муаллифи

Теглар

Маданият вазирлиги

Баҳолаганлар

5485

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг