Беш давлат Эрондан компенсация талаб қиляпти
Олам
−
17 Январь 2020
7312Эрон самолёт ҳалокатида айбини тўлиқ тан олиб, қурбонлар оиласига компенсация тўлаши керак. Афғонистон, Буюк Британия, Канада, Украина ва Швеция вакиллари шундай талаб билан чиқишди. Теҳрон яқинида уриб туширилган самолётда айнан шу давлатлар фуқаролари ҳалок бўлганди.
Британия пойтахти Лондондаги учрашув натижасида улар қурбонларнинг оиласига терговнинг бориши ва бошқа ёрдамни етказиб турувчи махсус гуруҳ тузишди.
“Биз украин, швед, афғон, инглиз, канад ва эронликлар учун шаффофлик ва адолатга эришиш учун бу ерга тўпландик. Мутлақо шаффоф, кенг қамровли ва мустақил халқаро текширув ўтказилиши керак”, деган Канада Ташқи ишлар вазири Франсуа-Филип Шампань.
Иштирокчилар Эрон ўз айбини тан олиб, ҳамкорлик қилишга розилик берганини ижобий белги деб баҳолаган. Улар, шунингдек, ҳалок бўлганлар оиласига компенсациялар халқаро нормалар асосида тўланишига ва айбдорлар тегишчи жазони олишига умид билдирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 январь куни Украина йўловчи самолёти Теҳрон яқинида қулади. Натижада самолётда бўлган 176 кишининг барчаси ҳалок бўлди. 11 январь куни Эрон самолёт ракета билан уриб туширилганини тан олди ва бу хатолик сабаб юз берганини таъкидлади.
LiveБарчаси