Berlin, Perleberger Str. 62 – Ўзбекистоннинг бир бўлагидан фоторепортаж
Жамият
−
08 Июль 2019
6270Ҳаво бироз булутли. Қулоққа дарахтлар шитир-шитири, қушлар сайраши эшитилади. Сиз ўрмонда ё табиат қўйнида эмас, одатий Берлин кўчаларида эканингизни охиста ҳаракатланаётган автомобиллар овозидан ва асосан велосипед қўнғироғидан пайқайсиз. Қаршингизда Perleberger Str. 62, муҳташам бино, уни ўраб турган табиат, дарвозадаги Ўзбекистон байроғи ва герби... Бу Германияда энг иссиқ бино. Ҳар ҳолда биз учун шундай, ўзбеклар учун шунақа. Бу кўчада бир неча давлат элчихоналари жойлашган, аммо ҳеч бир бинонинг қадри Ўзбекистон элчихонасининг биноси каби улуғвор ва тарихий эмас.
“Балхаус Тиергартен” – Германиянинг ёдгорликлар муҳофазаси бирлашмаси ҳимоясидаги тарихий бино. У 2001 йилгача бироз ташландиқ ҳолатда бўлган. Ўша йили бу бино Ўзбекистон Ҳукумати тарафидан элчихона биноси сифатида фойдаланишга танланди ва шу йилдан бошлаб унинг тарихи тикланди, қадри ортди. Қарийб бир ярим асрлик тарихга эга мазкур бино ўзининг янги даврдаги қиёфасини кўз-кўз этишни бошлади.
“Балхаус Тиергартен” номи тарихий манбаларда илк бор 1964-1965 йиллардан учрайди. Бунгача бино “Тиергартен халқ уйи” номи билан аталган.
Ушбу тарихий бино 1879-1880 йилларда биринчи артиллериячи отлиқ гвардия учун казармалар қуриш вақтида, офицерларга казино – ошхона сифатида қурилган. Бино учта полк казармаларидан иборат катта комплекснинг бир қисми бўлган.
Бино дастлаб квадрат шаклда бўлган. 1934 йилда иморатнинг шимоли-шарқий қисмида боғга қаратилган ошхонаси бор зал ва терасса қурилган. Иккинчи жаҳон урушида талафот кўрмаган бино, 1945 йилдан кейин Тиергартен тумани жамоати йиғиладиган жой вазифасини ўтаган. 1951 йилда бинодан ресторан сифатида фойдаланилган. 1952 йилда эса катта залда оркестр чиқишлари учун саҳна ўрнатилган.
Сўнгги 15 йил давомида бино бўш турган 1999 йилда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарори билан бино мамлакатнинг Германиядаги элчихонаси сифатида олинган. Ер участкасининг умумий майдони 8 300 м квни ташкил этади. Шундан 2500 м кв да бино жойлашган. Шу алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон элчихонаси Германияда жойлашган хорижий мамлакатлар элчихоналари орасида энг тарихий бино ва йирик майдонга эга элчихона саналади.
Бино эшига оддий ва кичик кўриниши мумкин аммо ичкаридаги фойе ҳайратингизни ошириши аниқ. Сизни пиллапоялар ва 4 та маҳобатли устун қаршилайди. Полда эса 1870 йилда ишланган мозаика сақланиб қолган.
Марказий эшикдан меҳмонлар “Немис зали” деб аталувчи тарихий залга кирасиз. Унинг майдони 120 м квни ташкил этади.
Тадқиқотлар зал деворида 6 қават бўёқ суртилганини кўрсатган. Симметрик тарзда ўрнатилган эмандан ишланган 4 та эшикнинг ҳам иккитаси сақланиб қолган. Ўзбек усталари бинони таъмирлаш вақтида зал шифтининг сақлаб қолинган қисмидан фойдаланиб, бутун шифтни қайта тиклаган. Тўрт декорнинг иккитаси тарихий стилда тайёрланган. Залнинг паркетдан ишланган поли ҳам тикланган.
Ҳудди шундай таъмирлаш-тиклаш ишлари кичик музокаралар зали ва бошқа хоналарда ҳам олиб борилган.
Кейинроқ қурилган ва тарихий ёдгорлик ҳисобланмаган катта зал ҳам ҳароба ҳолда бўлган. Шу сабабдан у ўзбек меъморчилик анъаналарига мос тарзда таъмирланган. Залнинг майдони 300 м кв. Ўзбекона таъмирланган залнинг гипсдан ишланган декоратив нақши германиялик мутахассисларни ҳам қизиқтириб қўйган.
Бинонинг асосий қаватида элчининг кабинети, катта дипломатларнинг иш ўринлари ва вакиллик заллари жойлашган. Биринчи қаватда консуллик бўлими, иқтисодий бўлим, маданият ва таълим соҳасида ҳамкорлик бўлими, бухгалтерия, хўжалик хизматлари жойлашган.
Айтилганлардан ташқари, бинода ошхона ва спорт машғулотлари ўтказиш хонаси, меҳмонлар учун 3 та хона ҳамда кутубхона бор.
Ўзбекистон Элчихонаси жойлашган бинонинг яна бир устунлиги Берлиннинг Марказий туманида жойлашганида. Элчихонадан беш дақиқалик йўл узоқлигида Германия Федерал Президенти қароргоҳи Бельвью саройи, янги ҳукумат мажмуаси ва Рейхстаг жойлашган.
Туманнинг аҳамияти энг энг йирик темир йўл вокзали “Берлин-Хауптбанхоф” қурилиши билан янада ортди. Мазкур вокзал Шарқий ва Ғарбий Европани боғлайди. Асосийси Вокзал Ўзбекистон Элчихонасидан икки дақиқалик йўл узоқликда жойлашган.
Марказий Осиё минтақавий экология маркази (МОМЭМ) томонидан Европа Иттифоқининг кўмаги остида амалга оширалаётган UzWaterAware лойиҳаси доирасида ўзбекистонлик журналистлар Берлинда жойлашган Ўзбекистон элчихонасида бўлдик. Ёғоч ўймакорлиги асосида бунёд этилган миллий айвон эътиборимизни тортди. Ушбу айвон ўзбек халқи анъаналари ва бой маданиятини ўзида акс эттирган. Бизни ўзбек миллий таомлари ва ўзбекона лутф билан қарши олдилар. Ўзбекистон гуручидан палов дейсизми ё ўзимизнинг Чорсу қаймоғи, ўзбекистондан келган Ватандошлар учун муҳайё. Ҳаммасидан ҳам жонга оро киргани нон бўлди, ўзимизнинг нон. Берлин, Perleberger Str. 62 – Ўзбекистоннинг Германиядаги бир бўлаги ўлароқ хотирага муҳрланди.
Бу ерда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қабул қилиш, сифатли консуллик хизматлари кўрсатиш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш учун барча шароит яратилган.
LiveБарчаси