Берлин жамоат транспортида аёллар учун алоҳида вагонлар жорий этилиши мумкин
Олам
−
14 Ноябрь
2588Берлин жамоат транспортида жинсий жиноятлар сонининг ошиши муносабати билан, “Яшиллар” партияси депутатлар палатаси аъзоси Антье Капек фақат аёллар учун вагонларни жорий этиш таклифи билан чиқди. Бу ҳақда “Berliner Telegraph” хабар берди.
Қайд этилишича, Берлин жамоат транспортида сўнгги ўн йил ичида жинсий жиноятлар сони 3,6 баробарга ошган. Хусусан, ўтган йили жами 391 та ҳолат қайд этилган ва вазият, айниқса, метро ва шаҳар электр поездларида кескинлашган.
Капекнинг таклифига кўра, станцияларда аёллар учун махсус ҳудудлар яратиш, тезкор қўнғироқ тугмачалари ва видеокузатув тизимини ўрнатиш ҳамда фақат аёлларга мўлжалланган вагонларни жорий этиш зарур. Аёлларга мўлжалланган бу вагонлар ҳайдовчи кабинасининг ортида ёки поезд охирида жойлаштирилиши режалаштирилган.
“Бундай тизим Японияда аллақачон муваффақиятли амалда бўлиб, юқори юклама соатларида аёлларга хизмат кўрсатади. Ушбу вагонга оид қоидалар ногиронлар ва 12 ёшгача бўлган ўғил болалар учун истисно қилинади”, дейилади хабарда.
Нашрга кўра, Берлинда ушбу ташаббус мунозараларга сабаб бўлмоқда. “Bild” нашри бу бўйича ўз сайтида сўровнома ўтказган ва унда ҳозиргача 35 000 киши қатнашган. Натижаларга кўра, иштирокчиларнинг 58 фоизи аёллар учун вагонлар ғоясига қарши чиқиб, бундай чоралар транспорт хавфсизлиги муаммоларини ҳал қилиш ўрнига кўпроқ тўсиқлар яратиши мумкинлигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд шаҳрида автобусга “Аёллар олдинда, эркаклар орқада” ёзувини осган ҳайдовчи интизомий жазога тортилган эди.