Берлин Киевга ишламайдиган қуролларни етказиб берган – Бербок
Олам
−
26 Сентябрь 2023
9182Германия томонидан Украинага берилган қуролларнинг бир қисми эскирган ёки ишламай қолган. Бу ҳақда Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок CNN телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
“Агар сиз фақат ваъда қилсангиз ва бажармасангиз, ҳатто ишламайдиган ускуналарни етказиб берсангиз... Бу ёрдам бериш дегани эмас. Бизнинг баъзи тизимларимиз аллақачон эскирган, баъзилари бошиданоқ носозлигини билардик”, деган Бербок.
ТИВ раҳбарининг қўшимча қилишича, қуролларнинг самарадорлигига ишонч ҳосил қилиш учун Берлин ҳалигача Taurus тактик ракеталарини Киевга жўнатмаган.
“Taurus’ни қачон беришимизни айта олмайман. Масала шу қадар мураккабки, биз барча тафсилотларни – улар қандай ишлайди, ким уларни бошқаради, ҳаммасини аниқлашимиз керак. Мен Украинанинг вақти камлигини тушунаман, лекин биз бирор нарсани топширганимизда, у жанг майдонида муваффақиятли ишлаши керак”, дейди ТИВ раҳбари.
Маълумот учун, ушбу ракета Германия ва Швеция ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган бўлиб, ҳозирда Германиядан ташқари Испания ва Жанубий Кореяда ҳам қўлланилади. Taurus ҳаводан учириладиган қанотли ракеталар типига киради. Унинг оғирлиги 1400 килограммни, корпусининг диаметри 1 метрни ташкил этиб, 500 километргача масофадаги нишонларни йўқ қилиши мумкин. Taurus 2005 йилдан бошлаб қайноқ нуқталарда қўлланилмоқда. Ракетанинг нархи 1,12 млн долларга баҳоланган.
Taurus типидаги ракеталар юқори аҳамиятга эга объектлар, ҳарбий бўлинмалар ёки фронт чизиғидан анча ичкаридаги ёнилғи қуйиш манзиллари ва чуқур жойлаштирилган бункерлар каби ҳимояланган нишонларни ҳам йўқ қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 сентябрь куни Анналена Бербок Киевга келганида ҳам Украинага узоқ масофага учувчи Taurus қанотли ракеталарини етказиб беришга ваъда бера олмаслигини айтганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь