Бербокнинг Киевга сафари қандай ўтди?
Олам
−
12 Сентябрь 2023
3800Кеча, 11 сентябрь куни Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок эълон қилинмаган ташриф билан Киевга келди. Бу ҳақда Германия Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Бу Германия вазирининг сўнгги бир ярим йил ичида Киевга тўртинчи сафари ҳисобланади. У Польшадан тунги поездда Киевга етиб келган. Вокзалда Германия Ташқи ишлар вазирини Киевдаги элчи Мартин Йегер кутиб олган.
Бербокнинг Украинага сафари Киев вилоятидаги энергетика инфратузилмаси объектларидан бирига ташриф билан бошлаган. Шундан сўнг, у украиналик мавқедоши Дмитрий Кулеба билан Германиянинг узоқ масофали Taurus ракеталарини етказиб бериш мавзусини муҳокама қилган.
“Биз Украинага Германиянинг Taurus узоқ масофали ракеталарини етказиб бериш масаласини батафсил муҳокама қилдик. Бугун биз Германия ҳукуматининг якуний қарорини қабул қилиш жараёнининг хусусиятларини яхшироқ тушунамиз. Ўз навбатида, Украина буни тезлаштириш учун ҳамма нарсани қилишга тайёр. Музокаралар натижаларига кўра, шуни айтишим мумкинки, бу ракеталарни тақдим этиш варианти очиқлигича қолмоқда ва Германияда қарор қабул қилиш жараёни олдинга силжийди”, дейди Кулебанинг матбуот хизмати.
Бербок охирги 1,5 йил ичида Германиядан Украинага кўрсатилган гуманитар, молиявий ва ҳарбий ёрдамнинг умумий ҳажми қарийб 22 миллиард еврони ташкил этганини эслатган. Берлин Киев ҳукуматини ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва танклар билан таъминлаган. Энди Украина Taurus ракеталарини олмоқчи, бироқ Германия расмийлари қарор қабул қилишга шошилмаяпти.
Анналена Бербок Киевда Украинага узоқ масофага учувчи Taurus қанотли ракеталарини етказиб беришга ваъда бера олмаслигини айтган. Бироқ Украина Ташқи ишлар вазири Германия ҳар қандай ҳолатда ҳам буни амалга оширишига ишонч билдирган ва Берлинни вақтни беҳуда сарфлагани учун қоралаган.
Томонлар баёнотлари Ташқи ишлар вазирлари ўртасидаги музокаралар якунлари бўйича Киевда ўтказилган қўшма матбуот анжуманида янграган. Журналистлар Бербокдан украиналик мавқедошига Taurus ракеталарини етказиб беришга ваъда бера оладими, деб сўрашган.
"Биз маълум сўровларни бажарамиз, деб ваъда беришнинг ўзи етарли эмас. Гап барча масалалар тўлиқ ва ҳар томонлама ойдинлаштирилганига ишонч ҳосил қилиш ҳақида бормоқда", деган Бербок.
Бироқ Кулеба Германия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбаридан сўнг дарҳол сўзга чиқиб, Берлин тезроқ Киевга ушбу ракеталарни етказиб бериши кераклигини айтган.
"Сиз Анналена [Бербок] менга Taurus ҳақида умид бердими, деб сўрадингиз. Йўқ, мен Анналена Германия ҳукуматининг расмий позициясидан ташқарига чиқди, деб айтмаган бўлардим. Лекин барибир ракеталарни етказиб берасиз ва мен вақтни нега беҳуда ўтказаётганимизга тушунмайман”, деган Украина Ташқи ишлар вазири.
Шу билан бирга, Кулебанинг таъкидлашича, Киев ракета таъминотига қарши далилларни объектив деб ҳисобламайди.
"Биз сизнинг муҳокамаларингиз, тартибларингизни ҳурмат қиламиз, аммо Taurus ҳақида билган барча нарсамиздан уларнинг трансферига қарши битта бўлса ҳам объектив далил йўқ. Саволларингиз бор, биз уларга ижобий жавоб беришга тайёрмиз", дея қўшимча қилган Кулеба.
Германия расмийлари ҳалигача Taurus’ни Киевга етказиб бериш бўйича қарор қабул қилгани йўқ. Германия канцлери Олаф Шольц бир неча бор қурол-яроғ етказиб бериш бўйича барча қадамлар ҳамкорлар, жумладан, хориждагилар билан келишилганини айтган. Унинг таъкидлашича, Германиянинг устувор вазифаси Украинани ҳаво мудофаа тизимлари ва артиллерия ўқ-дорилари билан таъминлаш бўлиб қолмоқда. Германия ҳукумати Киевга ракета етказиб беришда иккиланаётганининг асосий сабаби Украина Қуролли кучлари улардан Россия ҳудудидаги нишонларга зарба беришда фойдаланиши мумкинлигидир.
Бундан ташқари, матбуот анжуманида Анналена Бербок 2024 йилда Берлинда Украинани тиклаш бўйича конференция ўтказилишини айтган.
"Вайронадан янги нарса пайдо бўлиши учун биз биргаликда қайта қуришни бошлаймиз. Келгуси йили Берлинда Украинани тиклаш бўйича конференция ташкил қиламиз", дейди Бербок.
Бербок Киевга ташрифи давомида Президент Зеленскийнинг қабулида ҳам бўлди. Зеленский у билан суҳбатда Украина мудофаа қўшинларининг жанг майдонидаги долзарб эҳтиёжларига тўхталиб ўтган. Украина ҳаво мудофаасини янада мустаҳкамлаш, хусусан, Украина жанубини ва “дон йўлаги”ни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Президент ушбу ҳарбий кучларни жалб этиш муҳимлигини таъкидлаган.
Бундан ташқари, Украинанинг Европа интеграцияси ва Европа Иттифоқига кириш учун номзод мақомига доир Европа комиссиясининг тавсияларини амалга ошириш юзасидан фикр алмашилган.
Шунингдек, Зеленский 2024 йилнинг ёзида Берлинда бўлиб ўтадиган Украинани тиклаш бўйича навбатдаги халқаро конференцияга тайёргарлик кўришда Германия билан яқин ҳамкорлик қилишини қайд этган.
Давлат раҳбари Бербокнинг Украинага ташрифини Киев вилоятидаги энергетика инфратузилмаси объектларидан бирига ташриф билан бошлаганини ижобий баҳолаган. Шу нуқтаи назардан, энергетика соҳаси барқарорлигини мустаҳкамлаш Украина учун қиш мавсуми арафасида устувор вазифалардан бири эканлиги айтилган. Зеленский Германияга ҳарбий ва молиявий ёрдами учун миннатдорлик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Украинага келган, Дмитрий Кулеба билан учрашган ва Зеленскийнинг қабулида бўлганди. Ташриф давомида Вашингтон Киевга 1 млрд доллардан ортиқ қўшимча ёрдам бериши маълум бўлганди.