Бербок Украинага ёрдам қисқариши Германияга хавф келтиришидан хавотирда
Олам
−
17 Июнь
6426Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Украинага ёрдамни кенгайтиришга чақирди. Бу ҳақда у “Süddeutsche” нашрига берган интервьюсида сўз очди.
Вазирга кўра, Украинага Россия агрессиясидан ўзини ҳимоя қилиш учун ёрдам тўхтатилса, бу Германия ва НАТО учун хавфли оқибатларга олиб келиши мумкин.
“Агар биз Украинага ёрдам беришда давом этмасак, Путиннинг қўшинлари Польша билан чегарада доимий туриш хавфи пайдо бўлади ва уруш тезда Европа Иттифоқи ва НАТО ҳудудига ҳам тарқалади. Озодлигимиз ва мустақиллигимизни ўзимиз ҳимоя қилишимиз керак бўлса, бунинг бадали қандай бўлишини билмайман. Шуниси аниқки, Украинани қўллаб-қувватлаш бизга урушни ўзимиздан узоқлаштириш имконини беради", дейди Бербок.
Германия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари, шунингдек, янги қочқинлар оқими хавфи ҳақида ҳам огоҳлантирди.
“Мен бу сўзларни биринчи навбатда расмий Киевга ёрдам беришдан бош тортганларга айтмоқчиман. Агар Украина энди ўзини ҳимоя қила олмаса, у ҳолда қийноқлар ва ишғол остида қолган миллионлаб одамлар ушбу давлатларга қочишга мажбур бўлади”, дея журналистларга жавоб берган Бербок.
Унинг қўшимча қилишича, бир миллиондан ортиқ украиналиклар аллақачон Германиядан бошпана топган. Сўзининг охирида у яна бир бор бутун дунёдаги ҳамкорларни Украинани ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлашни давом эттиришга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бербок кутилмаганда Украинага борганди. Шунингдек, унинг Исроилни Ғазодаги уруш оловини пасайтиришга чақиргани ҳақида хабар берилганди.