Бербок кутилмаганда Украинага борди
Олам
−
21 Май
8531Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Россия қўшинларининг Украинадаги жорий ҳужуми фонида Украинага ҳаво мудофааси соҳасида халқаро ёрдамни зудлик билан оширишга чақирди. Бу ҳақда у бугун, 21 май куни Киевга олдиндан эълон қилинмаган ташрифи бошланишида маълум қилди.
Бу Бербокнинг уруш бошланганидан бери Украинага еттинчи бирдамлик ташрифидир.
“Украина омон қолиши, украиналиклар келажакда ўз тақдирини ўзи белгилаши ва Путин қўшинлари яқинда ўз чегараларимизда турмаслиги учун биз бор кучимизни тўплашимиз керак”, деган у.
Бербокнинг таъкидлашича, у ва Германия Мудофаа вазири Борис Писториус томонидан бошланган глобал ташаббус туфайли Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларини қўллаб-қувватлаш учун деярли бир миллиард евро йиғилган.
"Биз кўпроқ маблағ тўплаш учун жадал ишлаяпмиз, биз ҳар қандай имкониятларни синчковлик билан текширамиз ва ўзимиз қўшимча Патриот мажмуасини ажратамиз. Бизнинг ёрдамимиз Украина бу урушда ғалаба қозонишига қатъий ишончга асосланади. Путин охир-оқибат бизнинг ёрдамимиз тугайди, деб тахмин қилмоқда, аммо биз чидамлимиз. Германия, дунёнинг кўплаб бошқа мамлакатлари билан бирга, Украина томонида тош каби мустаҳкам туради. Украинадаги одамлар доимо бунга ишонишлари мумкин. Биз буни июнь ойида бутун дунёни Берлинга Украинани тиклаш бўйича конференцияга таклиф қилганимизда яққол кўрсатамиз. Дунё бўйлаб ҳамкорлар ҳамда иқтисодиёт, фуқаролик жамияти ва жамоаларнинг кучли иттифоқи билан биргаликда биз Украина келажагини таъминлаш учун узоқ муддатли сармоя киритмоқдамиз”, деди Анналена Бербок.
Германия вазири Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилишини ҳам қаттиқ қўллаб-қувватлади.
“Ҳеч қачон биз европаликларнинг тақдиримиз Украина билан бунчалик чамбарчас боғлиқ бўлмаган. Украина ўз эркинлигини катта қатъият билан ҳимоя қилади ва шу орқали бизнинг озодлигимиз учун курашади. Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши Россия томонидан бошланган ноқонуний босқинчилик урушининг зарурий геосиёсий натижасидир”, дейди Бербок.
Қайд этиш жоизки, қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва аскарлар етишмаслиги сабабли Украина кўп ойлардан бери мудофаа ҳолатида. Украина Президенти Владимир Зеленский Ғарб ҳарбий ёрдами етказилиши кечикаётганидан шикоят қилди ва Бербокнинг Киевга жорий ташрифидан бироз олдин яна Украинага қўшимча ҳаво мудофаа тизимлари ва Ғарб жанговар самолётларини зудлик билан етказиб беришга чақирди.
Унинг айтишича, ҳаводаги устунлиги туфайли Россия Украина шаҳарлари ва мустаҳкамланган ҳудудларни вайрон қилиш учун бомбалардан фойдаланмоқда. Ҳозирда Россия қўшинлари бу тактикани Харьков ва Донецк вилоятларида, Часов Яр ва Покровск яқинида фаол қўлламоқда. Харков Россия чегараси ҳудудидан мунтазам бомбардимон қилинмоқда.
Хавфсизлик нуқтаи назаридан Анналена Бербок Харьковга ташриф буюришдан бош тортишга мажбур бўлди. У бу шаҳарга 2023 йил январь ойида ташриф буюрган ва Харьковдаги тинч аҳолининг аҳволи билан яна танишишни ният қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, 14 май куни эрта тонгда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен эълон қилинмаган ташриф билан Киевга етиб борганди. Ўшанда Блинкен янги мудофаа саноати жамғармаси орқали Украинага қўшимча 2 миллиард доллар ҳарбий маблағ ажратилишини эълон қилди.
LiveБарчаси