Бензин ва газ нархи пасайди

Жамият

image

Жорий йилнинг 4-10 ноябрь кунлари "ЎзРТХБ"да ўтказилган биржа савдо натижаларига кўра биржа бозорининг турли товар сегментларида нархлар динамикаси турли йўналишлар бўйича шаклланиб борди.

Кўриб чиқилаётган давр мобайнида 3898,5 тонна АИ-91 русумли бензин биржа савдоларига қўйилди, ва шундан 2906,5 тоннаси сотилди. Сўнгги савдо ҳафтасида АИ-91 русумли бензини бўйича шаклланган биржа котировкаси аввалги ҳафтага нисбатан 0,4% га пасайди ва бир тоннаси учун 6236,8 минг сўмни ташкил этди.

Ўтган ҳафтада суюлтирилган газ ишлаб чиқарувчилари биржа савдолари орқали 11,8 млрд сўмлик 4544,0 тонна суюлтирилган газ сотишди. Газнинг биржада шаклланган нархи олдинги ҳафтага нисбатан 4,6% га пасайиб, бир тонна учун 2596,9 минг сўмни ташкил этди.

Қора металл бозорида талаб ўсиб бормоқда. Хусусан, СТ 12-35 ГС арматуранинг нархи 19,5% га ўсиб, бир тоннаси учун 5607,3 минг сўмни ташкил этди. Биржа орқали сотилган барча турдаги қора металлнинг ҳажми жами 7,7 минг тоннани ташкил қилган.

Олтиннинг нархи кичик пасайишни кўрсатмоқда, сўнгги савдо ҳафтасида шаклланган биржа котировкаси 1 гр олтин учун 453,0 минг сўмни ташкил этди. Ҳафталик савдо натижаларига кўра ЎзРТХБ да 271,9 млн сўмлик 600 гр Au-1 маркали олтин сотилган. Сотувчи сифатида “Олмалиқ КМК” АЖ савдода қатнашди.

Цемент бозори қурилиш мавсумининг якуний босқичида нархлар тренди пасайишини намоён этмоқда. ПЦ М-400 Д-20 цемент бўйича нархлар аввалги ҳафтага нисбатан 4,7% га пасайиб, 536,1 минг сўмни ташкил қилди. Фаол сотилаётган бошқа маркали цементларнинг нархлар диапазони 460,0-750,0 минг сўмни ташкил этмоқда.

Биржада пахта толаси учун юқори даражадаги талаб сақланмоқда. Ўтган ҳафта 1 нав 4 тип (оддий класс)даги пахта толаси бўйича нархлар 7,5% га ўсиб, бир тонна учун 13,5 млн сўмни ташкил этди. Пахта толасини бошқа навларининг нархлари ўртача 7,3 млн сўмдан 13,0 млн сўмгача бўлди.

Плёнка ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган F-0120 полиэтиленнинг бир тонна учун нархи 11,9 млн сўмни ташкил этиб, 0,5% га пасайди. Ўтган ҳафтада жами 1,7 минг тонна полиэтилен сотилган.

Ўтган ҳафтада карбамиднинг нархи пасайгани кузатилди, бир тоннасини нархи 2,3% га пасайиб 1770,2 минг сўмни ташкил этди. Умуман олганда, ҳафта давомида биржа савдолари орқали 15,5 минг тонна атрофида минерал ўғитлар сотилди.

Шаҳноза Тўрамуротова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Газ Бензин

Баҳолаганлар

206

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг