Германия “Шимолий оқим” газ қувурлари портлатилишида Украина фуқаросини айблади

Олам

image

Германия Бош прокуратураси 2022 йилда Болтиқ денгизидаги “Шимолий оқим-1” ва “Шимолий оқим-2” газ қувурларида юз берган портлашлар юзасидан Украина фуқароси Сергий К.га расман айблов эълон қилди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди

Қайд этилишича, Германия қонунчилигига мувофиқ айбланувчининг фамилияси тўлиқ ошкор этилмаган. Унинг адвокатлари айблов хулосаси топширилганини тасдиқлаган, бироқ айблов тафсилотларини очиқламаган.

Немис ОАВларининг хабар беришича, прокуратура Сергий К.ни фуқаролик энергетика инфратузилмасига ҳужум қилиш, портлаш содир этиш ҳамда муҳим иншоотларни вайрон қилишда айбламоқда.

Тергов маълумотларига кўра, у 2022 йил сентябрда Даниянинг Борнхольм ороли яқинида “Шимолий оқим” қувурларига портловчи қурилмаларни ўрнатган гуруҳ ҳаракатларини мувофиқлаштирган. Гуруҳ “Андромеда” номли елканли яхтадан фойдалангани айтилмоқда. Терговчиларнинг фикрича, гуруҳ таркибида координатор, капитан, тўрт нафар чуқур сув ғаввоси ва портловчи моддалар бўйича мутахассис бўлган.

Прокуратура Сергий К.ни гуруҳ раҳбари ва операция координатори деб ҳисобламоқда. Бироқ у ўзини айбсиз деб билиб, ушбу ҳодисага алоқадорлигини рад этган.

Маълумот ўрнида, “Шимолий оқим” қувурларидаги портлашлар Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан бир неча ой ўтиб содир бўлган эди. Ҳодиса Россия газини Европага етказиб берувчи асосий йўналишлардан бирини ишдан чиқариб, айниқса Германияда энергетика инқирозининг кучайишига олиб келган.

Тергов материалларига кўра, Сергий К. ҳодиса вақтида Украина махсус кучларининг офицери бўлган. У ўтган йилнинг август ойида Италияда қўлга олинган ва ноябрь ойида Германияга экстрадиция қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи (ЕИ) 2027 йил 1 ноябргача Россиядан газ олишни бутунлай тақиқлаши ҳақида хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг