Бемор Саакашвилига Польшадан нажот келди 

Олам

image

Польшалик шифокорлар гуруҳи Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилини кўрикдан ўтказишни бошлади. Бу ҳақда Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий маълум қилди.

"Биз дўстларимизни муҳтожликда қолдирмаймиз. Менинг илтимосим билан бир гуруҳ польшалик шифокорлар Грузияда президент Михаил Саакашвилини кенг қамровли тиббий кўрикдан ўтказишни бошлади", дейди Матеуш Моравецкий ўзининг Twitter саҳифасида.

Қайд этилишича, Польша шифокорлари Грузияга Европа Иттифоқи номидан келган, Саакашвилига тиббий миссия юбориш қарори эса ярим йил аввал Брюсселда қабул қилинган.

“Олти ойлик кечикишдан сўнг ҳукумат ниҳоят шифокорларга Михаил Саакашвилини шифохонада текширишга рухсат берди. Улар унинг аҳволини ўрганмоқда ва кейин ўз хулосаларини чиқаради”, дейди грузиялик сиёсатчининг адвокати Дито Садзаглишвили.

Бундан олдин Украина раҳбари Владимир Зеленский, “Россия Украина фуқароси Михаил Саакашвилини Грузия расмийлари қўли билан ўлдирмоқда”, дея даъво қилиб, Грузияни уни Украинага даволаниш учун юборишга чақирганди.

Маълумот учун, Саакашвили 2013 йилда Грузияни тарк этган, шундан сўнг мамлакатда унга қарши тўртта жиноий иш очилган, шундан иккитасида сиёсатчи сиртдан уч ва олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 2021 йил октябрт ойида Саакашвили Грузияга яширинча келганида ҳибсга олинган. 2022 йил май ойида соғлиғи ёмонлашгани сабабли у Тбилисидаги "Вивамед" хусусий клиникасига олиб ўтилган ва у шу кунгача ўша ерда қолмоқда. Грузия расмийлари Саакашвили қамоқдан чиқиш учун ўзини оғир аҳволда деб кўрсатмоқда, деб ҳисобламоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 июль куни Саакашвили Тбилиси шаҳар судининг 2007 йилдаги митингни тарқатиб юбориш иши бўйича йиғилишида шифохонадан видеоалоқа орқали иштирок этганди. Видеода собиқ президент озиб кетгани кўринади. Кейинроқ Украина Президенти Владимир Зеленский Ташқи ишлар вазирлигига Грузия элчисига қўнғироқ қилиб, Украина фуқаролигига эга бўлган Саакашвили масаласи бўйича маслаҳатлашиш учун 48 соат ичида мамлакатни тарк этиш ҳақида буйруқ беришни топширди. Грузия Ташқи ишлар вазирлиги Киев қарорини дипломатик муносабатларни кескинлаштириш, шунингдек, суверен давлатнинг ички ишларига аралашишнинг экстремал шакли деб атади.


Мақола муаллифи

Теглар

Грузия Польша Михаил Саакашвили

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг