Белгородга янги ҳужумлар бўлди
Олам
−
05 Июнь 2023
10678Украина билан чегарадош Россиянинг Белгород вилояти Шебекинский тумани Новая Таволжанка қишлоғига “Град” ракета тизимидан ўнлаб снарядлар отилди. Бу ҳақда бугун, 5 июнь куни туман раҳбари Владимир Жданов вилоят ҳукуматининг тезкор йиғилишида маълум қилди.
“Бугун эрталаб соат 08:30 га қадар Таволжанка бўйлаб “Град”дан 70 дан ортиқ ва Шебекино бўйлаб артиллериядан 15 дан ортиқ ўқ узилди”, деган Жданов.
Унинг сўзларига кўра, атиги бир ҳафта ичида Шебекинский туманида ўққа тутилиши натижасида 67 та кўп қаватли уйдаги 1150 та хонадон ва 370 та хусусий турар-жой биноси зарар кўрган ёки бутунлай вайрон бўлган.
Вилоят губернатори Вячеслав Гладков эса Белгород вилоятида энергетика объектларидан бирида ёнғин чиққанини маълум қилган.
“Ёнғиннинг дастлабки сабаби дрондан туширилган портловчи қурилма бўлган. Қурбонлар йўқ. Воқеа жойида оператив хизматлар ишламоқда”, деб ёзган Гладков Telegram-каналида.
Эслатиб ўтамиз, 22 май куни Украина Қуролли Кучларининг асосан руслардан ташкил топган ҳарбий қисмлари – “Рус кўнгиллилари корпуси” ва “Россия озодлик легиони” Россиянинг Украина билан чегарадош Белгород вилоятига ҳужум бошлаган эди. Шундан сўнг тинч аҳоли Белгородни оммавий равишда тарк эта бошлаганди. 23 майга ўтар кечаси Белгород вилояти бир неча бор ўққа тутилди. Вилоят губернатори Вячеслав Гладков минтақада аксилтеррор операцияси давом этаётганини айтди. Кейинчалик Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Белгород вилояти ҳудудига бостириб кирган 70 дан ортиқ диверсант йўқ қилинганини билдирди. Бундан ташқари, Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк мамлакат Қуролли Кучларининг қарши ҳужуми бошланганини эълон қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь