Белгородда фавқулодда ҳолат режими жорий этилди
Олам
−
14 Август
6127Россиянинг Белгород вилоятида минтақавий даражадаги фавқулодда вазият режими жорий этилмоқда ва тез орада минтақавий ҳокимият федерал фавқулодда ҳолат эълон қилиш мақсадида ҳукумат комиссиясига боришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда вилоят раҳбари Вячеслав Гладков ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Гладковнинг сўзларига кўра, Украина Қуролли кучлари минтақани ҳар куни ўққа тутмоқда, айрим уйлар вайрон бўлган, аҳоли орасида қурбонлар бор.
“Шунинг учун биз бугундан бошлаб Белгород вилоятининг бутун ҳудудида минтақавий фавқулодда вазият эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қиляпмиз. Бу аҳолини қўшимча ҳимоя билан таъминлаш учун зарур”, дейди у видеомурожаатида.
“Ишончим комилки, ҳамма нарса уюшқоқлик билан амалга оширилади, асосийси, бу масъул шахслар раҳбарлигида ваҳимага берилмасдан, хотиржамлик билан олиб борилади” дейди Гладков.
Шунингдек, Гладков минтақадаги вазиятни ниҳоятда мураккаб ва таранг деб баҳолаган. Эвакуация ишларини мувофиқлаштириш давом этаётгани ва ҳудудга транспорт юборилгани хабар қилинган.
Маълумот учун, Украина Қуролли кучлари 2024 йил 6 августдан буён яқин атрофдаги Курск вилоятида ҳарбий операция ўтказмоқда. Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 10 август куни минтақадан 76 мингдан ортиқ одам эвакуация қилингани ҳақида хабар берди. Кейинги 24 соат ичида вилоятнинг чегарадош ҳудудларидан 8 мингдан ортиқ аҳоли мустақил равишда ва “уюшган колонналар”да эвакуация қилинди.
Украина хавфсизлик хизматининг юқори мартабали мулозимининг айтишича, операцияда “минглаб” Украина ҳарбийлари иштирок этган. Унинг сўзларига кўра, ҳужумнинг мақсади фронтни рус кучлари учун “чўзиш” ва Россия Федерациясини “беқарорлаштириш”.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Белгород вилояти ғарбидаги Краснояружский туманида аҳолини эвакуация қилиш эълон қилинганди.
Зебо Туробжонова
LiveБарчаси