Беларусда яна бир мухолиф кайфиятдаги нашр журналистлари ҳибсга олинди

Олам

image

Беларуснинг “Наша Нiва” мухолиф нашри таҳририятнинг бош муҳаррири ҳибсга олингани ва ходимлари тинтув қилингани тўғрисида хабар берди.

“Нашрнинг бош муҳаррири Егор Мартинович ҳибсга олинди, унинг уйи тинтув қилинди. Тинтув жараёни, шунингдек, “Наша Нiва” нашрининг муҳаррири Андрея Скурконинг уйида ҳам ўтказилмоқда. Бош муҳаррир ўринбосари билан эса алоқаси йўқ. Катта эҳтимол билан Андрей Динько ҳам ҳибсга олинган”, дейилади нашр хабарида.

Таҳририятнинг маълум қилишича, тинтув ишлари нашр идорасида, бухгалтерия бўлимида ўтказилган. Ҳужжатлар эса олиб қўйилган. “Наша Нiва” журналистлари ҳанузгача баъзи ҳамкасблари билан боғлана олмаяпти. Журналистларнинг тахмин қилишича, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари нашр идорасига келганида уларнинг ҳамкасблари офисда бўлган.

Аввалроқ Беларусь Ахборот вазирлиги нашр веб-сайти блоклангани ҳақида хабар берган эди. 

“Беларусь Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонунининг 38-моддаси 1-бандида тарқатилиши тақиқланган маълумотларни жойлаштириш билан боғлиқ Бош прокуратура хабарномаси асосида Ахборот вазирлиги nn.by Интернет-ресурсига киришни чеклаш тўғрисида қарор қабул қилди”, дейилади вазирлик баёнотида.

Қайд этиш керакки, юқоридаги ҳолат ОАВни чеклаш бўйича Беларусдаги илк тажриба эмас. Бундан аввал, 2020 йили ноябрь ойида NEXTA Telegram канали ҳамда унинг асосчиси Степан Путило ва унинг собиқ бош муҳаррири Роман Протасевич Беларусь Давлат Хавфсизлик Қўмитаси томонидан террористик фаолиятга алоқадор ташкилотлар ва шахслар рўйхатига киритилган эди

Кейинроқ, жорий йилнинг 23 май куни Грециянинг Афинасидан Литванинг Вильнюс шаҳрига учиб кетаётган “Ryanair” авиакомпаниясининг самолёти Минскга мажбурий тарзда қўндирилди. Унинг бортида бўлган ўша терроризмга алоқадорлар рўйхатига киритилган журналист Протасевич бўлган ва у дарҳол ҳибсга олинган.

Гап шундаки, Протасевич бош муҳаррирлик қилган NEXTA Telegram канали 2020 йилнинг ёзида Беларусда бўлиб ўтган президентлик сайловларидан сўнг бошланган ва бир неча ой давом этган норозилик намойишларини ёритган ва оммани унда қатнашишга чорлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

ОАВ Беларусь НЕХТА Роман “Наша Нiва”

Баҳолаганлар

32

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг