Беларусда Президент сайлови бошланди

Олам 4631
image

Бугун, 9 август куни Беларусь Республикасида навбатдаги Президент сайлови старт олди. Бу СССР таркибидан ажралиб чиққан Беларусь тарихидаги олтинчи президентлик сайлови. 

Сайлов участкалари соат 08:00 да очилади ва соат 20:00 гача ишлайди. Сўнгра овозларни ҳисоблаш бошланади. Мамлакат Марказий сайлов комиссияси сайловнинг дастлабки натижаларини душанба куни эрталаб эълон қилишни ваъда бермоқда.

Рўйхатдан ўтган беш номзод президентлик курсиси учун кураш олиб бормоқда. Булар – Александр Лукашенко (амалдаги Президент), Сергей Черечень (Беларусь социал-демократлар партияси раиси), Анна Канопацкая (собиқ депутат, тадбиркор, ҳуқуқшунос), Андрей Дмитриев  (жамоат арбоби, “Ҳақиқатни айт” бирлашмаси ҳамраиси), Светлана Тихановская (рўйхатдан ўтишда рад этилган гомеллик блогернинг рафиқаси).

Беларусда 5,7 мингдан ортиқ сайлов участкалари ташкил этилган. Шунингдек, хорижий мамлакатлардаги 44 та участкада овоз бериш жараёнлари амалга оширилди. 4-8 август кунлари муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари бўлиб ўтди. Унда 40 фоиздан кўп сайловчилар иштирок этган.

Мамлакатнинг амалдаги Президенти Александр Лукашенко Минск вақти билан соат 11:00 да сайлов участкасига ташриф буюради ва журналистлар билан мулоқот қилади. 

Маълумот ўрнида, амалдаги давлат раҳбари Лукашенко Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келмоқда. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 135
Рейтинг: 3
t
×