АҚШ Ўзбекистон Ҳукуматини келгуси сайловида ЕХҲТ тавсияларини бажаришга чақирди
Жамият
−
11 Июль 2023
18890Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчихонаси жорий йилнинг 9 июль куни бўлиб ўтган президентлик сайловларини кузатди ҳамда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) сайловга техник жиҳатдан яхши тайёргарлик кўрилган бўлса-да, у ҳақиқий сиёсий плюрализм ва рақобатсиз муҳитда ўтгани ҳақидаги хулосаларини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан берилган баёнотда сўз борган.
“Демократик тизимлар сайлов жараёнларининг яхлитлигини таъминлашдан ташқари, овоз беришда қатнашаётган ватандошларни ҳақиқий, рақобатбардош танлаш имконияти билан ҳам таъминлаши лозим. Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон ҳукуматини келгуси сайловларда ДИИҲБнинг тавсияларини тўлиқ бажаришга чақиради”, дейилади элчихона баёнотида.
АҚШ элчихонаси Ўзбекистон ватандошларини сайловдаги иштироки учун олқишлаган ҳамда сайловда Президент Шавкат Мирзиёевни қўллаб-қувватлаганини қайд этган.
“Президент Мирзиёев янги ваколатлари доирасида ўз вазифасини бажаришга киришар экан, Қўшма Штатлар унинг ислоҳотлар ва бошқарув тизимини такомиллаштириш, жумладан, қонун устуворлиги, ҳокимият тармоқлари ўртасидаги ўзаро назорат ва мувозанатни таъминлаш, шахсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш каби кун тартибида турган масалаларни илгари суришда ёрдам беришга тайёрлигини билдиради. Бу тамойилларга риоя қилиш вакиллар бошқарувининг асоси ҳисобланади. Биз Президент Мирзиёев ва Ўзбекистон ҳукумати билан АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий, таълим, одамлар орасидаги ўзаро муносабат ва хавфсизлик соҳаларидаги алоқаларни янада чуқурлаштириш йўлида ҳамкорлик қилишни кутиб қоламиз”, дейилган баёнотда.
Маълумот учун, 9 июль куни бўлиб ўтган муддатидан аввал президент сайловида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёев 87,05 фоиз овоз билан ғалабага эришди. “Адолат” социал-демократик партиясидан Робахон Маҳмудова 4,43 %, Халқ демократик партиясидан Улуғбек Иноятов 4,02 %, Ўзбекистон экологик партиясидан Абдушукур Ҳамзаев 3,74 % овоз тўплади.
Эслатиб ўтамиз, 10 июль куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) халқаро кузатувчилари Ўзбекистонда президентлик сайловлари бўйича ҳисоботини тақдим этди.
ДИИҲБга кўра, Ўзбекистонда ҳуқуқий базани ислоҳ қилиш давом этаётгани сабабли у ҳали демократик сайловларни ўтказиш учун ҳуқуқий асосни тўлиқ таъминламаяпти. Шунингдек, кузатувчилар демократик жараёнлар учун муҳим аҳамиятга эга бўлган аввалги бир қатор тавсиялар эътибордан четда қолаётганини таъкидлаган. Миссия мавжуд чекловларни олиб ташлаш ва фуқаролик жамиятининг сайлов жараёнида тўлиқ иштирокини таъминлаш учун ҳам ислоҳотлар зарур, деб ҳисоблайди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь