Беларусда 523 киши қўлга олинди
Олам
−
26 Октябрь 2020
5980Беларусдаги намойишларда қатнашган 523 киши ҳибсга олинган ва 352 киши судгача вақтинча сақлаш ҳибсхоналарига жойлаштирилган. Бу ҳақда Беларусь Ички ишлар вазирлигининг матбуот котиби Ольга Чемоданова маълум қилди.
"Кеча оммавий тадбирлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун 523 киши ҳибсга олинган. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар судда кўриб чиқилишидан олдин 352 киши вақтинча сақлаш ҳибсхоналарига жойлаштирилган", деган Ички ишлар вазирлиги вакили.
Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, 25 октябрь куни Беларуснинг турли аҳоли пунктларида умумий ҳисобда 19 та норозилик ҳаракати қайд этилган.
"Ички ишлар вазирлиги тартибни сақлаш ва уларни амалга оширишда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўрди. Ноқонуний ҳаракатларни бостириш ва полиция ходимларига қарши ҳужумларнинг олдини олиш учун махсус воситалардан фойдаланилди. Тартибсизликнинг энг тажовузкор иштирокчилари ҳибсга олинди. Ноқонуний ҳаракатлар бостирилишига қарши курашда икки нафар ОМОН ходими жабр кўрди", деган Чемоданова.
Унинг таъкидлашича, норозилик намойишлари барча вилоят марказларида ўтказилган.
Маълумот учун, кеча, 25 октябрь куни "ультиматум" муддати тугагани муносабати билан Минск ва Беларуснинг бошқа шаҳарларида президентлик сайловлари натижаларига қаршиларнинг норозилик намойиши бўлиб ўтди. 100 мингдан ортиқ одам пойтахт кўчаларига чиқди.
Аввалроқ, Беларусь Президентлигига собиқ номзод Светлана Тихановская Беларуснинг амалдаги раҳбариятига бир нечта талаб қўйганди. Уларга кўра, Президент Александр Лукашенко истеъфога кетиши, барча сиёсий маҳкумлар озод қилиниши ва куч тузилмалари зўравонликлари тўхтатилиши керак.
Ушбу талабларни бажаришга 25 октябргача муҳлат берилганди. Тихановская таъкидлаганидек, агар бу юз бермаса, 26 октябрдан оммавий иш ташлашлар ва йўлларнинг тўсилиши бошланади.
LiveБарчаси