Беларусь ва Россия Иттифоқи ЕИдан кучлироқ бўлади – Лукашенко
Олам
−
13 Декабрь 2021
5830Беларусь ва Россия Иттифоқи Европа Иттифоқига қараганда кучлироқ, ўйланган ва илғор бўлади. Бу ҳақда Беларусь Президенти Александр Лукашенко таъкидлади.
“Бу Иттифоқ янада ривожланган ва барқарор бўлади. Биринчидан, чунки биз Европа Иттифоқининг барча хатоларини такрорламасликни ҳисобга оламиз. Шунингдек, биз учун фойдали бўлган ижобий тажрибадан фойдаланамиз. Иккинчидан, биз ягона давлатдан — Совет Иттифоқидан чиқдик, биз у ерда кўп ҳаракат қилганмиз. Совет ўтмишидан нимани қолдиришни ва келажакда бизга нима фойда келтирмаслигини биламиз. Шундай қилиб, бу янада кучли, ўйланган ва илғор Иттифоқ бўлади”, деган Лукашенко.
Лукашенконинг айтишича, Беларусь-Россия интеграциясини чуқурлаштириш бўйича ишлар ягона иқтисодий маконда икки суверен давлатнинг мавжудлигига олиб келади.
“Бу бизнинг Иттифоқимизнинг келажаги. Яъни, биз Иттифоқни шакллантиришнинг асосий йўналишлари бўйича янада кўпроқ олға силжишни, бу маконда бўлаётган жараёнларни бирлаштиришни истаймиз”, деган Беларусь раҳбари.
Лукашенко яқин беш йилда 28 та иттифоқ дастурини амалга ошириш вазифалари ҳал этилишини айтган.
“Ўйлайманки, келгуси беш йил ичида биз ушбу дастурлардаги вазифаларни ҳал қиламиз”, деган Президент.
Лукашенконинг таъкидлашича, Беларусь ва Россия интеграцияси жараёни ҳеч қандай муддат ёки вақт параметрларига боғлиқ эмас, балки прогрессив бўлади.
“Биз ўзимизга ҳеч қандай муддат белгилаганимиз йўқ — 2025, 2030 ёки қандайдир бир йил. Биз муаммоларни ҳал қилиб, босқичма-босқич борамиз”, деган у.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ноябрь ойи бошида Россия ва Беларусь Президентлари Владимир Путин ҳамда Александр Лукашенко Иттифоқ давлатининг интеграция қарорини имзолаганди.
Маълумот ўрнида, 1999 йил 8 декабрда Россия ва Беларусь ўртасида Иттифоқ давлатини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома имзоланди. Ҳужжатнинг 20 йиллигига қадар соҳанинг йўл хариталарини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузилди. Кейин Москва ва Минск уларни иттифоқ интеграцияси дастурларига айлантирди. Уларнинг аксарияти 2025 йилгача, баъзилари еса 2027 йилгача ҳисобланади. Москва ҳам, Минск ҳам иттифоқ дастурларида суверенитетни йўқотиш билан боғлиқ сиёсий масалалар йўқлигини бир неча бор таъкидлаган.