Бектемир Мелиқўзиев россиялик собиқ жаҳон чемпионига қарши жанг қилади
Спорт
−
17 Декабрь 2020
8208Профессионал бокснинг супер ўрта вазн тоифасида рингга чиқаётган Бектемир Мелиқўзиевнинг навбатдаги жанги 2021 йилнинг 30 январида ўтказилади.
Бектемир Москвадаги "Лужники" стадионида ташкил этиладиган бокс кечасининг асосий жангида рингга чиқади. Унга россиялик Сергей Ковалёв рақиблик қилади.
Жанг томонлар келишувига кўра 80,7 кг вазнда ўтказилади. Тўқнашув DAZN платформаси орқали онлайн трансляция қилинади.
Маълумот учун, Сергей Ковалёв ярим оғир вазн тоифасида WBA Super, IBF ва WBO чемпионлик камарларининг собиқ эгаси ҳисобланади. У профессионал боксда ҳозирга қадар 34 та жангда ғалаба қозонган, шундан 29 тасида рақибларини нокаутга учратган. 4 та жангда мағлуб бўлган, 1 та жанги эса дуранг билан якунланган.
Ковалёв ўзининг сўнгги жангини 2019 йил 2 ноябрида мексикалик Сауль "Канело" Альваресга қарши ўтказиб, 11-раундда нокаутга учраб мағлуб бўлган.
Бектемир Мелиқўзиев ҳозиргача профессионал боксда 6 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган, 5 та жангда рақибларини нокаутга учратган.
Бектемир Мелиқўзиев ўзининг охирги жангини жорий йилнинг октябрь ойида мексикалик Алан Кампага қарши ўтказиб, 3-раундда ғалаба қозонган.
LiveБарчаси