Байденнинг ўғлига 25 йиллик қамоқ хавф солмоқда
Олам
−
15 Сентябрь 2023
4410АҚШ Президенти Жо Байденнинг ўғли Ҳантер Байден ноқонуний равишда қурол сотиб олиш ва сақлашда айбланмоқда. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Ҳантер Байденга қўйилган айбловнинг иккита банди 2018 йилда у тўппонча сотиб олаётганда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилмаслиги ҳақида ёлғон гапиргани билан боғлиқ. Учинчи бандда эса Ҳантер Байден гиёҳванд моддаларни истеъмол қилган даврда ўқотар қуролга эга бўлгани даъво қилинмоқда. Иккала ҳолат ҳам федерал жиноят саналади.
“The New York Times” газетасининг ёзишича, агар айбдор деб топилса, Ҳантер Байден 25 йилгача қамоқ жазоси ва 750 минг доллар жаримага тортилиши мумкин.
Маълумот учун, Ҳантер Байденга нисбатан тергов 2018 йилда бошланган. 2023 йил ёзида Президентнинг ўғли АҚШ Адлия вазирлиги билан келишувга эришган. Унга кўра, Ҳантер Байден 2017-2018 йилларда содир этилган иккита солиқ қонунбузарлиги бўйича айбини тан олиши керак эди. Бунинг эвазига унга қарши қуролларни ноқонуний сақлаш айбловлари икки йилдан кейин олиб ташланарди. Бироқ жорий йилнинг 26 июл куни келишув суд томонидан тасдиқланмади ва иш бўйича махсус прокурор Девид Вайс бу масала бўйича музокаралар боши берк кўчага кириб қолгани ва тўхтатилганини айтди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Байденлар оиласи аъзолари – Хантер, Жеймс ва Халле Байденлар ҳамда уларнинг компаниялари 2015 йилдан 2017 йилгача Хитойнинг State Energy HK Limited компаниясидан 1,3 миллион доллар пул олгани аниқланганди. Шунингдек, Хантер Байден россиялик, қозоғистонлик ҳамда украиналик тадбиркорлардан пул олгани айтилди.