Байденнинг тарафдорлари ундан юз ўгирмоқда
Олам
−
11 Сентябрь 2023
8035Америкаликларнинг атиги учдан бир қисми Президент Жо Байденни қайта сайланишга лойиқ деб ҳисоблайди. Унинг партиясидаги кўпчилик келаси йилги президентликка номзод сифатида бошқа одамни кўришни хоҳлайди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Гап шундаки, SSRS жамоатчилик фикрини ўрганиш институти томонидан сайловчилар ўртасида сўровнома ўтказилди. Унга кўра, бор-йўғи 32 фоиз иштирокчи Байденни президентликка қайта сайланишга лойиқ, деб ҳисоблайди. Бу декабрь ойидаги кўрсаткичга нисбатан 5 фоизга кам. Энг катта тушиш ёшлар орасида кузатилган, уларнинг атиги 26 фоизи амалдаги Президентни қўллаб-қувватлаган.
Сўров натижаларига кўра, Байденга нисбатан бундай салбий қарашларга унинг феъл-атвори ҳам сабаб бўляпти. Жумладан, иштирокчиларнинг 67 фоизи уни президент сифатида самарали хизмат қилиш учун чидамли эмас, деб ҳисоблайди. Шунингдек, унга нисбатан ишончни уйғотмайди (65 фоиз), ҳалол ва ишончли эмас (65 фоиз), оддий одамларга аҳамият бермайди (54 фоиз) каби танқидлар ҳам мавжуд.
Америкаликларнинг 51 фоизи Байден Конгресс билан самарали ишлай оладими, деган саволга “йўқ” деб жавоб берган.
Бундан ташқари, сайловчиларнинг 54 фоизи 2024 йилда Демократик партиядан Байдендан бошқа номзодни кўришни исташини билдирган. Аммо бу аввалги сўровнома натижаларига нисбатан бир мунча ижобий. Чунки, бу кўрсаткич декабрь ойида 59 фоизни, ўтган ёзда эса 75 фоизни ташкил этганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалги сўровномада америкалик сайловчилар Байденни сайлаш учун жуда “қари”, Трампни эса “аҳмоқ” деб атаганди.