Байденнинг Киевга сафари саҳналаштирилганмиди?
Олам
−
22 Февраль 2023
15825АҚШ Президенти Жо Байденнинг Киевга ташрифи саҳналаштирилган ва у Украинага ҳеч қандай фойда келтирмайди. Бу фикрни кеча, 21 февраль куни АҚШ армиясининг истеъфодаги подполковниги Дэниел Дэвис “Fox News” телеканалига билдирди.
Қайд этилишича, Байденнинг 20 февраль куни Киевга ҳаво ҳужуми сиреналари остида ташриф буюргани украиналикларни ҳайратга солмаган. Шунинг учун ҳам истеъфодаги подполковник бу сиреналар атайин ишлатилган бўлиши мумкин деб тахмин қилган.
“Шубҳа йўқки, хавф ҳақиқатдан бор эди. Лекин менга бир нарса қизиқ – агар у ерда америкалик аскарлар бўлмаса, нега бундай таваккал қилиш керак бўлди? Чунки агар бирор нарса бўлганда, бу Россия ва Қўшма Штатлар ўртасидаги потенциал урушни англатарди. У ерда эса бундай хавфга арзийдиган ҳеч нарса йўқ эди”, деган Дэниел Дэвис.
Подполковникнинг АҚШ раҳбари Киевда бўлган вақтида ҳаводан узатилган сиренани саҳналаштирилган ҳаракат деб ҳисоблашига Оқ уй россияликларни олдиндан огоҳлантиргани ҳам сабаб бўлган. Украиналиклар россияликлар ҳужум қилмаслигини, ҳеч қандай рейд бўлмаслигини билган, шунинг учун ҳам сирена овози эшитилганда ҳеч ким ҳайрон бўлмаган.
“Бу Байденнинг саёҳати ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Биз уларга барибир улар хоҳлаган нарсани берамиз. Демак, бу Украинага аниқ фойда келтирмаган саҳналаштирилган тадбирга ўхшайди”, дейди Дэвис.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Жо Байден 20 феврал куни Киевга кутилмаган ташрифни амалга оширган ва Украина раҳбари Зеленский билан кўришган эди. АҚШ маъмурияти Россияни Президент Жо Байденнинг Киевга сафари ҳақида у Америка пойтахтидан кетишидан бир неча соат олдин хабардор қилган. Америка Президенти билан Украинага фақат бир нечта энг яқин ёрдамчилари, тиббиёт ходимлари ва қўриқчилар борган.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси