Байден ёнаётган Лос-Анжелесни “жанг майдони”га қиёслади
Олам
−
12:02
2490АҚШ Президенти Жо Байден ёнғинлар давом этаётган Лос-Анжелесни “жанг майдони”га ўхшатди. Бу ҳақда у кеча, 10 январь куни Овал кабинетда ёнғинлар ҳақидаги хабарларни кўриб чиқаётганида сўз очди.
"Бу ... менга уруш саҳналарини эслатди, у ерда маълум нишонлар бомбардимон қилинмоқда. Бу деярли жанг майдони", деди Байден.
Талончилик хавфи туфайли кечаси ёнғиндан жабрланган ҳудудларда расмийлар комендантлик соати жорий қилди. Президент ҳукумат армиядан тортиб Миллий гвардиягача бўлган барча имкониятлардан фойдаланган ҳолда хавфсизликни таъминлашини таъкидлади.
“Ўғирлик содир бўлаётгани ҳақида аниқ фактлар бор. Одамлар қолган уйларга кириб, талон-торож қилишаётгани ҳақида аниқ далиллар бор. Бундан фойдаланишга ҳаракат қиладиган демагоглар кўп бўлади”, деди Байден.
Маълумот учун, жорий ҳафта ўртасида Лос-Анжелес округини ўрмон ёнғинлар қамраб олди ва бу офат минтақа тарихидаги энг вайронкорлардан бири сифатида баҳоланмоқда. Масалан, Алтадена ҳудудида ўн минг гектардан ортиқ ер ёнмоқда ва бу тахминан 13 мингта бинога хавф солмоқда. Вазиятни кучли шамоллар янада оғирлаштирмоқда, бу авиацияни қўллашга халақит беряпти, шунингдек, Палисейдс ҳудудидаги ёнғин гидрантлари ишламай қолган. Минглаб уйлар вайрон бўлган.
Офат қурбонлари сони камида ўн кишини ташкил этмоқда. Лос-Анжелесда минглаб аҳолини мажбурий эвакуация қилиш буйруқлари берилган. Шу билан бирга, округ ёнғин хизмати раҳбари мавжуд ресурслар атиги бир ёки иккита йирик ёнғин билан курашишга мўлжалланганини тан олди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сузиш бўйича 5 карра Олимпия ўйинлари ғолиби Гарри Холл-Жуниор Лос-Анжелесдаги табиий офат вақтида ўз уйидан ва медалларидан айрилгани хабар қилинганди. Бундан ташқари, ўрмон ёнғинлари туфайли Голливуд актёрлари Энтони Хопкинс, Адам Броди, Анна Фэрис ва бошқа кўплаб машҳурлар ўз уйларини йўқотди. Лос-Анжелес полицияси ўрмон ёнғинларига сабаб бўлганликда гумон қилинаётган шахсни қўлга олди.
LiveБарчаси