Байден янги дунё қурмоқчи
Олам
−
22 Октябрь 2023
21579Америка Қўшма Штатлари Президенти Жо Байден инсоният янги дунё тартибига муҳтожлигини айтиб, агар америкаликлар етарлича жасорат кўрсатса ва ўзига ишонса, уни барпо эта олишига ишонч билдирди. Бу ҳақда у Вашингтонда бўлиб ўтган сайловолди кампаниясида маълум қилди.
Байденнинг сўзларига кўра, янги дунё тартиби тинчлик истиқболларини камайтирмайди, балки кенгайтиради.
“Урушдан кейинги даврда биз 50 йилни ўтказдик, бу даврда ўрнатилган тартиб жуда яхши ишлади, лекин ҳозирга келиб у ғойиб бўлди. Бизга янги дунё тартиби керак”, дейди у.
АҚШ Президенти, шунингдек, Япония ва Жанубий Кореяни Украинага молиявий ёрдам юборишга қандай ишонтиргани ва ўтган ой Нью-Деҳлида бўлиб ўтган G20 саммитида Европа Иттифоқи, Ҳиндистон ва Саудия Арабистони билан темир йўл ҳамда портлар битимини имзолагани билан мақтанди.
“Менимча, бизда имконият бор. Агар бизда етарлича дадил ва ўзимизга нисбатан ишонч бўлса, дунёни унда илгари ҳеч қачон бўлмаган бирлашувга эриштириштиришимиз мумкин”, деди Байден.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Жо Байден Оқ уйда Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Европа кенгаши президенти Шарль Мишел билан учрашиб, унда Исроил ва ҲАМАС ҳаракати ўртасидаги можаро, шунингдек, Россиянинг Украинага қарши давом этаётган уруш борасида суҳбат олиб борган эди.
Шунингдек, Жо Байден маъмурияти Украинага ёрдам кўрсатиш учун Конгрессдан 60 миллиард доллар ва Исроилни қўллаб-қувватлаш учун 14 миллиард доллар сўраш ниятида экани ҳақида хабар берилган эди.