Байден ҳусийларни “террорчи гуруҳ” деб ҳисоблашини айтди
Олам
−
13 Январь
4934АҚШ Президенти Жо Байден Ямандаги ҳусийларни “террорчи гуруҳ” деб билишини айтди. Бу ҳақда Америка етакчиси Пенсильваниядаги корхоналардан бирига ташрифи чоғида сўз очди.
Журналистларнинг Ямандаги ҳусийлар ҳақидаги саволига Байден: "Мен уларни террорчи гуруҳ деб ҳисоблайман", дея жавоб берди.
“Агар ҳусийлар ўзларининг шафқатсиз хатти-ҳаракатларида давом этсалар, биз иттифоқчиларимиз билан уларга кескин жавоб қайтарамиз”, дея қўшимча қилган АҚШ Президенти.
Бундан ташқари, у Қўшма Штатлар аслида Эрон билан прокси уруш олиб бормаётганини ҳам қўшимча қилган.
Маълумот учун, 2021 йилгача ҳусийлар ҳаракатини Қўшма Штатлар “террорчи гуруҳ” деб ҳисоблаган. Шу йилга келиб, Вашингтон гуманитар сабабларга кўра – фуқаролар урушидан азият чекаётган Яман аҳолиси озиқ-овқат ва ёқилғи таъминотига эга бўлиши учун бу мақомни олиб ташлаганини билдирганди.
2023 йилнинг ноябрь ойи ўрталарида Жо Байден маъмурияти Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумлар кучайиши фонида ҳусийларни “террорчилар” деб қайта белгилаш масаласини кўриб чиқаётганини эълон қилди.
LiveБарчаси