Байден 1 январдан бери Яманга зарба беришни ўйлаб юрган – “Bloomberg”
Олам
−
13 Январь
5647АҚШ Президенти Жо Байден 1 январь куни Сент-Круа оролидалигидаёқ жамоаси билан Ямандаги ҳусий нишонларига зарба беришни режалаштира бошлаган. Бу ҳақда манбаларига таяниб, “Bloomberg” хабар берди.
Манбаларга кўра, АҚШ Президенти Янги йил куни ўз жамоасига “БМТдаги ҳусий ҳужумларини қоралаш бўйича саъй-ҳаракатларни тезлаштириш” ва “юк ташишни ҳимоя қилиш учун коалиция” қуришни давом эттиришни буюрган.
“Байден ҳарбийларга уриш керак бўлган нишонлар рўйхатини аниқлаштиришни буюрди”, дейди манбалардан бири.
Билдирилишича, Вашингтон бошиданоқ ҳусийларга қарши фаолроқ ҳаракатни қўллаб-қувватлаган, Лондон ҳамда Европа ва Яқин Шарқдаги бошқа иттифоқчилар эса “ортиқча жавоб Ғарбни Эрон билан тўғридан тўғри тўқнашувга олиб келиши мумкинлиги”дан огоҳлантирган.
Агентликнинг таъкидлашича, 9 январь куни ҳусийларнинг энг йирик ҳужумидан сўнг ҳарбий чора кўриш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Юқори лавозимли амалдор таъкидлаганидек, Байден ўз жамоаси томонидан тайёрланган жавоблар учун "энг тажовузкор вариантлардан бирини" танлади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 12 январь куни АҚШ ва Буюк Британия Ямандаги 60 та объектга, жумладан радарлар, ҳаво мудофаа тизимлари, омборлар, дрон ва ракеталарни учириш жойларига ҳужум қилганди. Ҳусийлар АҚШ ва Британиянинг ҳужуми оқибатида беш аскари ҳалок бўлганини маълум қилган.
Британия ва Америка расмийларининг айтишича, бу ҳужум 2023 йил декабрь ойидан бери тез-тез учраган Қизил денгиздаги халқаро кемаларга қилинган ҳужумларга жавоб бўлган.
АҚШ Президенти Жо Байден Ямандаги зарба Қизил денгиздаги “мисли кўрилмаган ҳусий ҳужумлари”га жавоб бўлгани ва мудофаа характерига эга эканини айтди. Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак ҳам ҳусий позицияларига зарбалари ўзини ҳимоя қилиш учун қилинган, чекланган ва мутаносиб ҳаракат эканини таъкидлади.
Ҳусийлар эса АҚШ ва Британия қўшинларининг Яманга ҳужуми Ғарбнинг Ғазодаги вазиятдан эътиборни чалғитишга уриниши эканини даъво қилди. Улар бу зарбага қарамай, Қизил денгиздаги Исроил билан боғлиқ фуқаролик кемаларига ҳужум қилишда давом этишини билдирди.
Россиянинг талаби билан АҚШ ва Буюк Британиянинг Ямандаги ҳусийларга тегишли объектларга ҳужуми юзасидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг йиғилиши чақирилди. Бироқ унда ҳусийларга зарбалар бериш қонуний экани таъкидланди.
Бугун, 13 январь куни маҳаллий вақт билан 3:45 да Америка қўшинлари Ямандаги ҳусийларнинг радиолокацион станциясига ҳужум қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь