Байден вазир лавозимига АҚШнинг туб аҳолисидан номзод кўрсатди
Олам
−
18 Декабрь 2020
4626АҚШнинг сайланган Президенти Жо Байден АҚШ Ички ишлар вазири лавозимига 60 ёшли Деб Ҳааланд номзодини илгари суради. Бу ҳақда "The Washington Post" хабар бермоқда.
Деб Ҳааланд 2019 йилдан бери Нью-Мексико штатидан АҚШ Вакиллар палатаси аъзоси ҳисобланади.
Қайд этилишича, агар у Ички ишлар вазири лавозимига тасдиқланса, Американинг туб аҳолисидан бўлган биринчи АҚШ вазири бўлади.
“Менинг фикримча, бизнинг мамлакатимиз шу тарзда ривожланиб бормоқда. Энди биз АҚШнинг маҳаллий халқлари вакили АҚШ вазири лавозимини эгаллаши ҳақида муҳокама олиб борамиз”, деган Ҳааланд.
Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Ҳааланднинг танловини маъқуллашини айтган.
“Агар сайланган Президент уни Ички ишлар вазири сифатида танлаган бўлса, демак у жуда яхши танлов қилган”, деган Пелоси.
Маълумот учун, 14 декабрь куни сайловчилар коллегияси Жо Байден АҚШ Президенти этиб сайланганини тасдиқлади. Овоз бериш натижаларига кўра, Байден учун 306, Дональд Трамп учун 232 нафар сайловчи овоз берган. Ғолиб бўлиш учун эса 270 та овоз тўплаш керак эди. Овоз бериш натижаларини расмий тасдиқлаш 6 январь куни, Байденнинг инаугурацияси эса 20 январда ўтказилади.
LiveБарчаси