Байден Украина нега НАТОга қўшилмаганини Зеленскийга ётиғи билан тушунтирмоқчи
Олам
−
12 Июль 2023
6739АҚШ Президенти Жо Байден украиналик мавқедоши Владимир Зеленский билан учрашувда унга Вильнюсдаги альянс саммитида нима учун мамлакат НАТОга қабул қилинмаганини бевосита тушунтиради. Бу ҳақда Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жейк Салливан маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, НАТОга киришдан олдин ҳар қандай давлат демократик ислоҳотлар нуқтаи назаридан маълум талабларга жавоб бериши керак. Бу Украинага ҳам тегишли. Салливаннинг айтишича, НАТО давлатлари Украина билан унинг альянсга аъзо бўлиш йўлида ҳамкорлик қилиш ниятида, бироқ ҳозир уни таклиф қилишга тайёр эмас.
“Президент Зеленскийнинг бу масала бўйича нуқтаи назари бошқача. Президент Байден бугун телефон суҳбатлари ва учрашувларида бўлгани каби унга сабаблар, ўз мулоҳазаларини тўғридан-тўғри баён қилади, шунингдек, Президент Зеленскийни ҳам диққат билан тинглайди”, дейди Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси.
Маълумот учун, кеча, 11 июль куни НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг блок мамлакатлари Украинанинг аъзо бўлиш бўйича ҳаракат режасини бекор қилишга қарор қилганини эълон қилган ва барча шартлар бажарилганда Киевни иттифоққа таклиф қилишга ваъда берган. Унга кўра, Украинанинг кириши шартларини альянсга аъзо давлатлар баҳолайди. Шартлар ҳақида гапирар экан, Столтенберг Украина мудофаа ва хавфсизлик институтларини модернизация ва ислоҳ қилиши кераклигини таъкидлаган. Шунингдек, у НАТО мамлакатларнинг иттифоққа қўшилиш жараёнида ҳеч қачон муддат белгиламаслигини айтган.
Бундан ташқари, Столенберг альянс Украинада уруш давом этар экан, унинг иттифоққа қўшилиши мумкин эмаслигини бир неча бор таъкидлаган.
LiveБарчаси