Байден Цзиньпин билан суҳбатлашди. Улар қайси масалаларни муҳокама қилди?

Олам 3214
image

АҚШ Президенти Жо Байден ва Хитой раиси Си Цзиньпин кеча, 9 сентябрь куни телефон орқали суҳбатлашди. Унда икки мамлакат ўртасидаги рақобатнинг можарога айланмаслигини таъминлаш масъулияти муҳокама қилинди.  

Таъкидланишича, улар охирги марта тахминан 7 ой олдин телефонда гаплашган. 

“Президент Байден Қўшма Штатларнинг Ҳинд-Тинч океани минтақаси ва бутун дунёда тинчлик, барқарорлик ва фаровонликка бўлган қизиқиши ўзгармаслигини таъкидлаган. Икки раҳбар АҚШ ва Хитой рақобати можарога айланиб кетмаслиги учун жавобгарликни муҳокама қилган”, дейилган Оқ уй хабарида. 

Байденга кўра, ушбу музокаралар Қўшма Штатлар АҚШ ва ХХР ўртасидаги рақобат масалаларини масъулиятли тарзда ҳал қилиш бўйича олиб бораётган саъй-ҳаракатларининг бир қисми бўлган. 

Давлат раҳбарлари икки мамлакат манфаатлари нафақат бир-бирига мос келадиган, балки фарқ қиладиган соҳаларга ҳам тўхталган. 

“Икки давлат раҳбарлари кенг стратегик мунозара ўтказди, суҳбат давомида манфаатларимиз бир-бирига мос келадиган, шунингдек қадриятларимиз ва қарашларимиз бир-биридан фарқ қиладиган соҳалар муҳокама қилинди. Улар иккала гуруҳ масалаларини ҳам очиқ муҳокама қилишга келишиб олди”, дейилган Байденнинг президентлик даврида Си Цзиньпин билан иккинчи телефон суҳбатидан кейин эълон қилинган баёнотда. 

АҚШ маъмуриятининг юқори лавозимли амалдорига кўра, ушбу телефон суҳбати икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни олдинга силжита олиш-олмаслик бўйича текширув. 

Шу билан бирга, АҚШ ижро этувчи ҳокимият вакилига кўра, Байден музокаралар давомида “аниқ натижалар ва келишувлар”га интилмаган, балки икки давлат ўртасидаги рақобат масаласини кўтаришни мақсад қилган. 

Маълумотларга кўра, суҳбат Америка томони ташаббуси билан ўтказилган. Таъкидланишича, Оқ уй ҳали ҳам АҚШнинг Хитойга нисбатан сиёсатини, шу жумладан Хитой импортига 300 миллиард долларга яқин божхона тарифлари масаласини кўриб чиқмоқда. 

Аввалроқ, Цзиньпин Пекин ва Вашингтон ўртасидаги можаро нафақат икки давлатга, балки бутун дунёга хавф туғдиришини айтгани ҳақида хабар бергандик.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 73
Рейтинг: 3.2
Теглар
t
×