Байден тез орада Украинага охирги ёрдам пакетини эълон қилади – ОАВ
Олам
−
17:39
1014Байден маъмурияти яқин кунларда Украинага хавфсизлик ёрдамининг якуний пакетини эълон қилади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маълум қилинишича, бу пакетда Украинага янги қурол-яроғлар сотиб олиш учун ажратилган охирги маблағлар сарфланади.
“Ёрдам пакети ҳаво мудофаа тизимлари ва артиллерия ўқларини ўз ичига олади”, дейилади хабарда.
Манбаларга кўра, пакетнинг қиймати тахминан 1,2 миллиард долларни ташкил этади. Ёрдам доирасида ҳарбий жиҳозлар мудофаа саноати ёки иттифоқчилардан сотиб олинади, бу эса уларни фронтга етказиб бериш учун ойлар ёки йиллар олиши мумкин.
Маълумот учун, Россиянинг 2022 йил февралидаги юришидан буён АҚШ Украинага 175 миллиард доллар миқдорида ёрдам кўрсатган. Шу жумладан хавфсизлик ёрдамига 61,4 миллиард доллар сарфланган.
Хавфсизлик ёрдамининг ярим қисми USAI дастури орқали амалга оширилган, қолган қисми эса Президент томонидан ҳарбий захиралардан чиқариш орқали амалга оширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп АҚШ президенти лавозимига киришгач, Украинага ёрдам беришда давом этишни режалаштираётгани хабар қилинганди.