Байден Сурияга киритилган санкцияларнинг Туркияга оид қисмини бекор қилди

Олам

image

АҚШ Президенти Жо Байден 2019 йилда Дональд Трамп томонидан қабул қилинган Сурияга оид санкция фармонини қайта кўриб чиқиб, ундаги Туркияга доир барча эслатмаларни бекор қилувчи ҳужжатни имзолади. Бу ҳақда АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси хабар берди.

Байден Туркиянинг Сурияда олиб борган ҳарбий операциялари бўйича масалалар энди долзарблигини йўқотганини қайд этган. Бироқ янгиланган фармонда Сурия тинчлиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигига таҳдид солувчи ҳамда инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилишига алоқадор шахсларга қарши янги санкциялар жорий этиш имконияти сақлаб қолинган.

Маълумот учун, 2019 йилда ўша пайтдаги АҚШ президенти Дональд Трамп Туркиянинг Суриянинг шимолида амалга оширган “Тинчлик булоғи” ҳарбий операциясига жавобан санкцияларни ўз ичига олган фармон чиқарган эди. Ўшанда Туркия Мудофаа ва Энергетика вазирликлари, шунингдек, собиқ мудофаа вазири Ҳулуси Акар ва ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу каби юқори мартабали амалдорлар санкция рўйхатига киритилган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жо Байден бошчилигидаги АҚШ маъмурияти Россиянинг энергетика секторини нишонга олган янги ва жиддий санкциялар пакетини жорий этган эди. Бу санкциялар Россия нефти ва суюлтирилган табиий газига қаратилган бўлиб, АҚШ Президенти Жо Байден ва G7 етакчилари томонидан қабул қилинган мажбуриятларнинг бир қисми сифатида Кремлга Украинадаги инқирозни давом эттиргани учун қўшимча иқтисодий харажатлар юклашига қаратилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Сурия Туркия санкция Жо Байден

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг