АҚШ Россиянинг энергетика секторига жиддий санкциялар киритди
Олам
−
10 Январь
1540Жо Байден бошчилигидаги АҚШ маъмурияти Россиянинг энергетика секторини нишонга олган янги ва жиддий санкциялар пакетини жорий этди. Бу ҳақда АҚШ маъмуриятининг юқори мартабали вакили журналистлар учун ўтказилган махсус брифингда маълум қилди.
Билдирилишича, бу чекловлар ҳозиргача Россиянинг энергетика соҳасига қаратилган энг кучли санкциялари ҳисобланади.
“Бу санкциялар Россия нефти ва суюлтирилган табиий газига (СПГ) қаратилган бўлиб, АҚШ Президенти Жо Байден ва G7 етакчилари томонидан қабул қилинган мажбуриятларнинг бир қисми сифатида Кремлга Украинадаги инқирозни давом эттиргани учун қўшимча иқтисодий харажатлар юклашига қаратилган”, деди АҚШ ҳукумати вакили.
Брифингда иштирок этган АҚШ маъмуриятининг яна бир вакили Россия энергетика секторини чеклаш мақсадида илгари берилган умумий лицензиялардан бирининг қўлланиш доирасини қисқартилишини билдирди. Мазкур лицензия АҚШ Молия вазирлигининг 8L рақамли лицензияси. Бу Ғарб молиявий тизимига Россия нефть ва гази билан боғлиқ савдо операцияларини амалга оширишга рухсат беради. Унинг амалиёт муддати 2025 йилнинг 12 мартига қадар белгиланган.
Қайд этилишича, бу санкциялар Россиянинг икки энг йирик нефт компанияси ва 183 та кемани қамраб олади. Улар Россиянинг энергия ресурсларини ташишда иштирок этади. Чоралар, шунингдек, Россия нефть қазиб олиш майдонларини қўллаб-қувватловчи трейдерлар ва компанияларга ҳам таъсир кўрсатади. Шахсий санкциялар эса Россиянинг энергия сектори бўйича бир қатор расмийларига нисбатан ҳам киритилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япония Россия Федерациясининг 11 жисмоний шахси, 3 банки ва 29 компаниясига қарши янги санкциялар эълон қилган эди.
LiveБарчаси