Байден россиялик мухолифатчи Кара-Мурза билан учрашди
Олам
−
16 Август
4899АҚШ Президенти Жо Байден Россия Федерацияси билан кенг кўламли маҳбуслар алмашинуви доирасида озод этилган россиялик мухолифатчи сиёсатчи ва публицист Владимир Кара-Мурза ва унинг оиласи билан учрашди. Бу ҳақда Оқ уй расмийлари хабар берди.
Оқ уй собиқ сиёсий маҳбуснинг АҚШ раҳбари билан мулоқоти тафсилотларини очиқламади. 42 ёшли Владимир Кара-Мурза ҳам Россия, ҳам Британия фуқаролигига эга. Бундан ташқари, Кара-Мурза Green Card'га эга, бу унга Қўшма Штатларда доимий яшаш ҳуқуқини беради. Озодликка чиққандан сўнг сиёсатчи дарҳол Германияга олиб кетилди. У ва бошқа собиқ сиёсий маҳбусларни Кёльн/Бонн аэропортида Германия канцлери Олаф Шольц кутиб олди.
Владимир Кара-Мурза, шунингдек, ушбу алмашинув доирасида озод этилган сиёсатчи Илья Яшин ва жамоат арбоби Андрей Пивоваров жорий йилнинг 2 август куни “Deutsche Welle” таҳририятида журналистлар билан учрашди.
Ушбу учрашувда Кара-Мурза озод этилган сиёсий маҳбусларга Россиядан Туркияга учаётган самолётда ҳамроҳлик қилган фуқаролик кийимидаги ФХХ ходимининг иборасини эслаган:
“Мана, қаранг, бу сизнинг ватанингизни охирги марта кўриб турибсиз”, деган ходим.
“Мен унга айтдим: мен тарихчиман, мен нафақат ишонаман ва ўйлайман, барчамиз Россияга албатта қайтамиз ва Россияда ҳали эркин, нормал бўладиган кун келади. Бу кун келишига мутлақо шубҳа қилмайман”, деган мухолифатчи.
Владимир Кара-Мурза иши
2023 йил апрелида Россиянинг Украинага қарши урушини танқид қилган Владимир Кара-Мурза “ватанга хиёнат”, “номақбул ташкилот билан ҳамкорлик қилиш” ва армия ҳақидаги ишлари бўйича 25 йилга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилинди. Гарчи ҳимоя томони соғлиғи сабабли уни тергов изоляторида ушлаб туриш мумкин эмаслигини таъкидласа ҳам, ҳукм чиқарилгунга қадар сиёсатчи бир йилни ҳибсда ўтказган.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Владимир Кара-Мурзани сиёсий маҳбус сифатида тан олди. АҚШ конгрессменлари Оқ уйни россиялик сиёсатчини “ноқонуний ҳибсга олинганлар” рўйхатига киритишга чақирди.
2024 йилнинг май ойи бошида Владимир Кара-Мурза Пулицер мукофоти лауреати бўлди.
Маълумот учун, жорий йилнинг 1 август куни совуқ уруш давридан бери Россия, Беларусь ва Ғарб давлатлари ўртасида энг йирик маҳбуслар алмашинуви бўлиб ўтди. Унинг доирасида қуйидаги россияликлар ўз ватанларига қайтди:
- 2019 йилда Берлиндаги Тиергартен боғида чеченистонлик собиқ дала қўмондони Зелимхон Ханқошвилини ўлдирганликда айбланиб, Германияда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ФХХ ходими Вадим Красиков;
- АҚШда компьютерни бузиш ва фирибгарликда айбланиб 9 йилга қамалган Владислав Клюшин;
- Словенияда жосусликда айбланиб 1 йил 7 ойга қамалган Артем ва Анна Дульцевлар;
- Польшада Россия фойдасига жосусликда айбланган Павел Рубцов;
- Норвегияда Россия фойдасига жосусликда айбланган Михаил Микушин;
- Қўшма Штатларда киберфирибгарликда айбланиб, 27 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган Роман Селезнев;
- АҚШда Россия ҳарбий-саноат комплекси учун технология ва Америка ўқ-дориларини контрабанда қилишда айбланган Вадим Коношенок.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда жосусликда айбланиб, 16 йилга озодликдан маҳрум қилинган “The Wall Street Journal” журналисти Эван Гершкович маҳбуслар алмашинуви доирасида АҚШга қайтарилгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси