Байден Россияга қарши курашда ёлғиз қолиши мумкин - Bloomberg
Олам
−
05 Ноябрь 2022
13012Россияга қарши янги совуқ уруш баъзи Ғарб сиёсатчилари ўйлагандек яхши кетмаяпти. Германия Бош вазири Олаф Шольцнинг Хитойга мунозарали сафари шундан далолат беради. Бу ҳақда “Bloomberg” журналисти Панжак Мишра ёзмоқда.
Мишрага кўра, Шольцнинг Хитойга ташрифи Вашингтоннинг нафақат Берлин билан, балки бутун дунё билан муносабатлари бўлиниши мумкинлигини англатади.
“Шольцнинг Пекинга сафари, Америка Қўшма Штатлари Хитой билан ҳамкорликка қатъий ва ҳар томонлама қарши бўлаётган бир пайтда Вашингтоннинг нафақат Берлин билан, балки бутун дунё билан муносабатларидаги бўлинишдан далолат беради”, деган у.
Журналистнинг таъкидлашича, Берлин Россиянинг Украинага уруши сабабли ўз иқтисодини қурбон қила олмайди.
“Германия Россиянинг Украинага уруши туфайли ўз иқтисодини қурбон қила олмайди. Глобал иқтисодий манфаатларга келсак, улар ҳам Америка иродасига бўйсунмайдилар”, деган Панжак Мишра.
Мақола муаллифига кўра, Вашингтон, шунингдек, Оқ уй раҳбари Жо Байденнинг Укарина масаласида бутун дунё билан қарама-қаршиликлари жорий йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Индонезияда бўлиб ўтадиган G20 ( йирик иқтисодиётли 20 давлат) саммитидан кейин янада кучаяди.
Панжак Мишранинг таъкидлашича, Индонезиядаги саммитдан кейин Президент Жо Байден Украинани қўллаб-қувватлаш учун якка ўзи курашиши мумкин.
“Индонезия G20 саммити доирасида Россия ва Хитой раҳбарлари Владимир Путин ҳамда Си Цзиньпин қабул қилишга тайёрланмоқда. Хитойнинг ишончли иттифоқчиси Луис Инасио Лула да Силва Бразилиядаги сайловларда ғалаба қозонди. Ниҳоят, Германия Бош вазири Олаф Шольц уч йил ичида Хитойга ташриф буюрган биринчи юқори мартабали Ғарб раҳбари бўлади. Бундан келиб чиқадики, Байден ёлғиз жангга маҳкум бўлиши мумкин”, деган журналист.
Ғарб давлатлари Москвага қарши санкциялар қўлланилиши ва Россия ёқилғисидан воз кечиш сиёсати туфайли энергия нархининг ошиши ва инфляциянинг ўсишига дуч келмоқда. Ёқилғи, биринчи навбатда, газ нархининг кўтарилиши фонида Европада саноат ўзининг рақобатдошлигини сезиларли даражада йўқотди. Бу эса иқтисодиётнинг бошқа тармоқларига ҳам таъсир қилди. Шунингдек, Қўшма Штатлар ва Европа давлатлари ўн йиллар давомида биринчи марта рекорд даражадаги инфляцияга тўқнаш келмоқда.
Аввалроқ, Америкада жорий йилнинг 8 ноябрида бўлиб ўтадиган Оралиқ сайловларидан кейин Республикачилар партияси Конгресснинг камида битта палатасида назоратни қўлга оладиган бўлса, АҚШнинг Украинага ёрдами камайиши мумкинлиги айтилганди. Шунингдек, “Washington Post” ва “Тhe New York Times” нашрлари Вашингтон Киевни Россияга қарши урушда музокаралар столига олиб келиш кераклиги ҳақида ёзганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь