Байден Путиннинг қамоққа олинишини истамаяпти
Олам
−
18 Март 2023
13619АҚШ Президенти Жо Байден кеча, 17 март куни Халқаро жиноий суднинг Гаагадаги дастлабки тергов палатасининг Россия Президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берганини асосли деб билишини, аммо Қўшма Штатлар ушбу суднинг қарорини тан олмаслигини айтди. Байден Делавэр штатига учишдан олдин Оқ уйнинг жанубий майсазорида журналистлар билан суҳбатлашди.
Халқаро Суднинг Путинга нисбатан қарори ҳақидаги саволга Байден шундай жавоб қилди:
“Менимча, бунга лойиқ. Аммо масала шундаки, бу [ХМК] биз томонидан халқаро миқёсда тан олинмайди. Лекин менимча, у [ХМК] жуда қаттиқ позицияни эгаллаган”, деб ҳисоблайди Вашингтон маъмурияти раҳбари.
Байден, Россия етакчиси ва Хитой раҳбари Си Цзиньпиннинг келаси ҳафта Москвада бўлиб ўтадиган учрашувига изоҳ берар экан, “Бу учрашув қачон бўлишини кўрамиз”, дейди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 17 март куни Халқаро жиноий суд Россия Президенти Владимир Путин ва Президентнинг болалар ҳуқуқлари бўйича комиссари Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берган эди. Ҳужжатда айтилишича, улар аҳолини, жумладан, болаларни ноқонуний депортация қилишдан иборат ҳарбий жиноятлар ва уларни Россияга ноқонуний ўтказишга алоқадор бўлиши мумкин. Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Халқаро жиноий суднинг ушбу қарори Россия учун ҳеч қандай маънога эга эмаслиги, ҳибсга олиш мумкин бўлган ордерлар қонуний кучга эга бўлмаслигини айтиб чиқди. Шунингдек, Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин ҳибсга олишга ордер бериш ҳақидаги қарорни Ғарбнинг “истерика”си деб атади.
Маълумот учун, Халқаро жиноий суд 1998 йилги Рим статутига биноан ташкил этилган. У БМТ таркибига кирмайди ва низомни ратификация қилган давлатлар олдида жавобгардир. Низомнинг иштирокчиси бўлмаган давлатлар орасида Россия (имзоланган, аммо ратификация қилмаган), АҚШ (имзоланган, аммо кейинроқ имзони қайтариб олган) ва Хитой (низомни имзоламаган) бор. 2016 йилда Путин Россия ХЖТга аъзо бўлмаслиги ҳақидаги фармонни имзолаган эди. Россия ТИВ маълумотларига кўра, бу суд унга билдирилган умидларни оқламади ва халқаро адолатнинг ҳақиқий мустақил органига айланмади.
LiveБарчаси