Бу истерика – Влодин Путинни ҳибсга олиш ҳақидаги ордерга муносабат билдирди
Олам
−
18 Март 2023
11319Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин Халқаро жиноий суднинг Россия Президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер бериш ҳақидаги қарорини Ғарб учун “истерика” деб атади.
“Янкилар (янги англияликларнинг лақаби; кейинчалик – шимолий штатлар, кенгроқ маънода – умуман Қўшма Штатлар аҳолиси), қўлларингизни Путиндан олинглар! Гаагадан янграган бемаъни гаплар бир нарсани айтади: Ғарб истерикаси. Ўзга сайёралик Гаага судининг ҳужжатлари Россияга тааллуқли эмас”, дейди Володин.
Шунингдек, у, Россия Федерацияси Президентига қилинган ҳар қандай ҳужумни мамлакатга қарши тажовуз деб билишини айтган.
Унинг таъкидлашича, Вашингтон ва Брюссель санкциялар ва душманлик ҳаракатларининг барча имкониятларини тугатган.
“Улар Россия Федерацияси фуқароларини синдириб, мамлакатимиз иқтисодиётини вайрон қила олмадилар. Вашингтон ва Брюссель яхши билади: Путин борки Россия бор. Шунинг учун улар унга ҳужум қилишмоқда”, дея таъкидлади Володин.
Унинг таъкидлашича, Путиннинг кучи халқнинг қўллаб-қувватлаши ва унинг атрофида бирлашишидадир.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 17 март куни Халқаро жиноий суд Россия Президенти Владимир Путин ва Президентнинг болалар ҳуқуқлари бўйича комиссари Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берган эди. Ҳужжатда айтилишича, улар аҳолини, жумладан, болаларни ноқонуний депортация қилишдан иборат ҳарбий жиноятлар ва уларни Россияга ноқонуний ўтказишга алоқадор бўлиши мумкин.
Маълумот учун, Халқаро жиноий суд 1998 йилги Рим статутига биноан ташкил этилган. У БМТ таркибига кирмайди ва низомни ратификация қилган давлатлар олдида жавобгардир. Низомнинг иштирокчиси бўлмаган давлатлар орасида Россия (имзоланган, аммо ратификация қилмаган), АҚШ (имзоланган, аммо кейинроқ имзони қайтариб олган) ва Хитой (низомни имзоламаган) бор. 2016 йилда Путин Россия ХЖТга аъзо бўлмаслиги ҳақидаги фармонни имзолаган эди. Россия ТИВ маълумотларига кўра, бу суд унга билдирилган умидларни оқламади ва халқаро адолатнинг ҳақиқий мустақил органига айланмади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь