Байден МРБ раҳбарини ўз жамоасига таклиф қилди

Олам

image

АҚШ Президенти Жо Байден Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бернсни ўз Кабинети (Вазирлар Маҳкамаси) сафига таклиф қилди. Бу ҳақда Оқ уй хабар берди.

“Мен Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бернсни ўз кабинетим аъзоси сифатида таклиф қилганимни билдиришдан мамнунман”, дейди Президент Оқ уй веб-сайтида тақдим этилган баёнотда.

Байденнинг айтишича, Бернс Миллий разведка директори билан яқиндан ҳамкорлик қилган ҳолда разведка маълумотларидан АҚШга муҳим стратегик устунлик бериш учун фойдаланган. Президентнинг фикрича, Бернс бошчилигида Марказий разведка бошқармаси АҚШ миллий хавфсизлигига оид асосий муаммоларни ҳал қилиш учун аниқ ва узоқ муддатли ёндашувни таклиф қилади. Муаммолар орасида Президент Байден Украинадаги уруш ва Хитой билан рақобатни алоҳида урғулаб кўрсатган.

Байден кабинетининг ҳозирги таркибига вице-президент, 15 вазир, шунингдек, бош прокурор ва давлат котиби киради.

“The Washington Post” нашрининг ёзишича, Россиянинг Украинага босқинидан анча олдин Бернс Оқ уйнинг Москва билан асосий алоқачиси бўлган, бундан ташқари, Байден маъмуриятининг бошқа аъзоларидан фарқли ўлароқ, у Президент Владимир Путин билан бевосита алоқа қилган. Бернс эндиликда Давлат котиби ва Мудофаа вазири билан бирга кабинет йиғилишларида қатнашиши мумкин.

Марказий разведка бошқармасининг собиқ ходими Дэвид Присснинг айтишича, АҚШнинг бошқа президентлари Марказий разведка бошқармаси директорларини кабинет аъзоси этиб тайинламаган, чунки улар разведканинг роли сиёсий эмас деб билган. Ҳозирги президентлар эса кабинетдан жиддий муҳокамалар ва энг муҳим сиёсий дастурларни шакллантириш учун фойдаланмаган.

Маълумот учун, Уильям Бернс 2005 йилдан 2008 йилгача АҚШнинг Россиядаги элчиси, кейин эса АҚШ Давлат котиби вазифасини бажарувчи, 2011-2014 йилларда Давлат котибининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2021 йилда Байден Бернсни Марказий разведка бошқармаси директори лавозимига тайинлаган, кейинроқ унинг номзоди Сенат томонидан ҳам маъқулланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Байден МРБ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг