Байден Эроннинг собиқ президентига санкция киритди
Олам
−
19 Сентябрь 2023
4941АҚШ Президенти Жо Байден Эроннинг собиқ президенти Маҳмуд Аҳмадинажод (2005-2013) ва мамлакат Разведка вазирлигига қарши санкциялар жорий этилганини эълон қилди. Бу ҳақда Америка раҳбари баёнотида айтилди.
"Бугун биз собиқ президент Маҳмуд Аҳманидажод ва Эрон Разведка вазирлигига қарши санкциялар киритмоқдамиз. Биз Эронни минтақадаги провокацион ҳаракатлари учун жавобгарликка тортишда давом этамиз", дейилади баёнотда.
Қайд этиш жоизки, мазкур санкцияларнинг киритилиши АҚШ томонидан бир хил миқдордаги эронликларнинг озод этилиши эвазига Эрон асирлигидан беш америкалик озод қилинганига тўғри келди. Шунингдек, келишув Эроннинг олти миллиард долларлик музлатилган активларини гуманитар эҳтиёжлар учун мамлакатга қайтаришни ҳам назарда тутади.
Баёнотга кўра, Америка ўз фуқароларининг қайтиб келганидан хурсанд бўлсада, Вашингтон ҳали қайтмаганларни унутмайди. Шу ўринда, Байден Теҳронни 2007 йилда ғойиб бўлган Роберт Левинсон билан содир бўлган воқеалар ҳақида тўлиқ маълумот беришга чақирган.
Маълумот учун, Оқ уй дастлаб Роберт Левинсон Эронга иш сафари билан кетганини даъво қилган, аммо 2013 йилда журналистлар бу одам АҚШ Марказий разведка бошқармасига топшириқни бажараётганини билиб қолган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “5х5” форматида АҚШ-Эрон алмашинув келишуви доирасида беш нафар америкалик озод этилгани маълум бўлганди.
LiveБарчаси