Байден Эронни қамоқдаги Нобель совриндорини озод қилишга чақирди
Олам
−
07 Октябрь 2023
5114АҚШ Президенти Жо Байден Эрон ҳукуматини тинчлик бўйича Нобель мукофоти билан тақдирланган ҳуқуқ фаоли Наргис Муҳаммадийни озод қилишга чақирди. Бу ҳақда Оқ уй сайтида расмий баёнот эълон қилинди.
“Мен Эрон ҳукуматини уни (Наргис Муҳаммадий) ва унинг гендер тенглиги учун курашаётган ҳамфикрларини зудлик билан озод қилишга чақираман”, дейди Америка раҳбари ёзма баёнотида.
Байденнинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар эронликларнинг ўз келажагини, сўз эркинлигини, гендер тенглигини ҳимоя қилиш ва аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш қобилиятини қўллаб-қувватлашда давом этади. Президентнинг қўшимча қилишича, АҚШ Эроннинг жасур халқини қўллаб-қувватлашда давом этиш ва инсон ҳуқуқлари бузилиши учун масъул бўлган республика расмийларини жавобгарликка тортишни талаб қилиш ниятида.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги эса Муҳаммадийга Нобель Тинчлик мукофоти берилишини айрим Европа ҳукуматларининг интервенцион ва анти-Эрон сиёсатига мос келадиган сиёсий ҳаракат деб атади. Бундан ташқари, ТИВга кўра, Нобель қўмитасининг қарори ўзининг асл мақсадларидан умидсизликка учраганини кўрсатади.
Маълумот ўрнида, Наргис Муҳаммадий 2016 йилда ўз ватанида ўлим жазосини бекор қилиш тарафдори бўлган инсон ҳуқуқлари ҳаракатига раҳбарлик қилгани учун 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. У 2020 йилда озодликка чиқди, аммо 2021 йил охирида яна ҳибсга олинган ва ҳозир Теҳрондаги Эвин қамоқхонасида сақланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 6 октябрь куни Нобель қўмитаси тинчлик учун Нобель мукофотига эронлик ҳуқуқ фаоли ва “Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари” ташкилоти вице-президенти Наргис Муҳаммадийга беришга қарор қилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь