“Бавария” 2022 йилни мағлубият билан бошлади
Спорт
−
08 Январь 2022
3472Бугун, 8 январь куни Германия Бундеслигасининг 18-туридан ўрин олган учрашувда “Бавария” Мёнхенгладбахнинг “Боруссия”сини қабул қилди ва 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди.
Учрашувнинг 18-дақиқасида Роберт Левандовски Томас Мюллернинг узатмасидан сўнг, ҳисобни очди ва 2022 йилда Бундеслигадаги илк голни киритди. Бироқ гладбахликлар Флориан Нойхаус ва Штефан Лайнернинг голлари эвазига ғалаба қозониб, чемпионатга интригани қайтарди.
Юлиан Нагельсманн мураббийлигидаги жамоа кетма-кет 65-баҳсда ҳам рақиб дарвозасини ишғол этди ва киритилган голлар сони бўйича чемпионат рекордини такрорлади. Бундан аввалги рекорд ҳам “Бавария”га тегишли бўлган ва 2012 йилнинг апрелидан 2014 йилнинг мартига қадар мюнхенликлар ҳеч бир учрашувни голсиз тарк этмаган.
Маълумот учун, мағлубиятга учраган бўлса-да, Германия чемпионатида “Бавария” пешқадамлик қилмоқда. Жамоа 17 та ўйинда 43 очко жамғарган. Иккинчи ўриндаги “Боруссия Дортмунд” 34 очкога эга. Кучли учликка “Фрайбург” якун ясаган (29 очко).