Топ-5 лигаларда илк аёл мураббий ғалаба қозонди
Спорт
−
11 Май 1187 2 дақиқа
Мари-Луизе Эта Европа топ-5 лигаларда ғалаба қозонга илк аёл мураббийга айланди. Кеча, 10 май куни унинг бошқарувидаги “Унион” Бундеслиганинг 33-турида сафарда “Майнц”ни 3:1 ҳисобида мағлуб этди.
Бунгача Берлин клуби Эта бошқарувида икки бор мағлубиятга учраган эди (18 апрель куни “Вольфсбург”га 2:1, 25 апрель куни эса “Лейпциг”га 3:1 ҳисобида ютқазганди). Жорий йилнинг 2 май куни эса жамоа билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган.
Мазкур ғалаба билан Мари-Луизе Эта нафақат Бундеслига, балки Европанинг топ-5 чемпионатларида эркаклар жамоаси билан ғалаба қозонган илк аёл мураббий сифатида тарихга кирди.
У жорий йилнинг 12 апрель куни “Унион Берлин” бош мураббийи этиб тайинланган ва Германия, Англия, Испания, Италия ҳамда Франция юқори дивизионларида эркаклар клубини бошқарган илк аёл мураббийга айланганди. Бунгача аёл мутахассислар фақат қуйи дивизионларда эркаклар жамоаларига мураббийлик қилган.
Эта 2025 йил июлидан бери “Унион” ёшлар жамоасида фаолият юритиб келмоқда. Маълум қилинишича, ёзда у клубнинг аёллар жамоасини ҳам бошқаради.
Маълумот учун, 2023 йил ноябрь ойида Эта “Унион” билан Бундеслигада ишлаган илк аёл ёрдамчи мураббий бўлганди. 2024 йил январида эса бош мураббий Ненад Бьелица дисквалификация сабаб майдонда бўлмаган пайтда “Дармштадт ” устидан қозонилган ғалабада захира ўриндиғидан жамоани бошқарган илк аёл сифатида тарихга кирган эди.
Live
Барчаси