Баскетбол: АҚШ кетма-кет тўртинчи бор Олимпиада чемпионлигини қўлга киритди
Спорт
−
07 Август 2021
2856Бугун, 7 август куни Токио Олимпиадасининг баскетбол бўйича эркаклар ўртасида финал баҳси бўлиб ўтди. Унда АҚШ ва Франция терма жамоалари ғолиблик учун курашди ва якунда америкаликлар ғалаба қозонди.
Учрашувда 87:82 ҳисобида баскетбол ватани вакилларининг қўли баланд келди. Кевин Дюрант етакчилигидаги АҚШ баскетболчилари тўртта чоракнинг учтасини ўз фойдаларига ҳал қилишди.
Учрашувнинг энг сермаҳсул ўйинчиси айнан Кевин Дюрант бўлди. У беллашув давомида 29 очко, 6 рибаунд ва 3 голли узатма амалга оширди.
Шундай қилиб, АҚШ жамоаси кетма-кет тўртинчи марта Олимпия ўйинлари олтин медалини қўлга киритди. Океанорти вакиллари бундан аввал Пекин-2008, Лондон-2012 ва Рио-2016 Олимпиадасида ғолиб бўлган, Дюрант эса, 4 чемпионликнинг учтасида жамоа таркибида бўлган.
Бронза медаллари учун, Словения ва Австралия терма жамоалари тўқнаш келади.
Маълумот учун, гуруҳ босқичининг илк ўйинида АҚШ термаси айнан Францияга имкониятни бой берган эди.