Башар Асад ўлимга ҳукм қилинди
Олам
−
11 август 11751 2 дақиқа
Бугун, 11 август куни Сурия суди республиканинг собиқ президенти Башар Асадни ўлим жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда “Syrian Arab News Agency” хабар берди.
Қайд этилишича, суд собиқ президентни инсониятга қарши жиноятларда айбдор деб топган. Асаднинг холаваччаси Отиф Нажибга ҳам шундай жазо тайинланган – у Сурия армиясининг собиқ бригада генерали бўлиб, Даръа жанубий вилоятидаги норозилик намойишларини бостиришга раҳбарлик қилганликда айбланган. У 2025 йилнинг январида қўлга олинган ва судда шахсан иштирок этган.
Бундан ташқари, Асаднинг яна етти нафар сафдоши ўлим жазосига ҳукм қилинган. Уларга Суриянинг собиқ президентининг ўзига бўлгани каби жазо сиртдан тайинланган. Улар қасддан одам ўлдириш, шунингдек, ўлимга олиб келган қийноқлар учун айбдор деб топилган.
Асад 2024 йилнинг декабрида ағдарилган эди. У Россияга қочиб кетди ва у ердан бошпана олди. Ҳокимият тепасига мухолифат келди, ўтиш даврида мамлакатни Аҳмад аш-Шара бошқармоқда.
Башар Асад Сирияни 2000 йилдан бери, отаси Ҳофиз Асаддан сўнг муқобилсиз референдум якунлари бўйича давлат раҳбари лавозимини қабул қилиб олиб бошқариб келаётган эди. 2024 йил 8 декабрга ўтар кечаси мухолифат Дамашққа кирди. Башар Асад мамлакат пойтахтини самолётда тарк этди. Россия ТИВ вазири ўринбосари Сергей Рябков Асаднинг бехатар жойда, Россияда эканини айтган эди. Кремл эса унинг мамлакатда бўлиб турганига оид тафсилотларни очиқлашдан бош тортди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг октябрь ойида Германиянинг “Zeit” газетаси Асад оиласининг яқин атрофидаги манбага таяниб, мамлакатни тарк этганидан сўнг Асад оиласи билан бирга Москва-Ситида яшаётгани ва соатлаб онлайн-ўйинлар ўйнаб вақт ўтказаётганини ёзган эди.
Live
БарчасиБлогер Азиз Ҳакимов 4 йилга қамалди
11 август
Путин ҳеч нарсадан қўрқмаслигини айтди
11 август