“Барселона” янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиши Пике ва Бускетсга боғлиқ

Спорт

image

Испаниянинг “Барселона” клуби ҳимоячи Жерар Пикенинг келаси мавсумдаги маоши учун 52 миллион евро ажратган. Каталония жамоаси раҳбарияти Пикедан бешта янги ўйинчини Ла Лига рўйхатидан ўтказиш учун маошини камайтиришни сўрамоқда. Бу ҳақда “Championat” нашри хабар бермоқда.

Манбага кўра, “Барселона” жорий ёзда ўз сафига қўшиб олган футболчилар Роберт Левандовски, Жюль Кунде, Рафинья Диас, Франк Кессье ва Андреас Кристенсен рўйхатдан ўтказиш ҳақида жиддий бош қотирмоқда. Бу масалада “Барса” расмийлари клубнинг фахрий футболчиларидан кўмак кутмоқда. Гап Жерар Пике ва Серхио Бускетс ҳақида кетяпти. Чунки улар ҳануз жуда юқори ҳақ эвазига тўп тепади. Шунинг учун “кўк анорранглилар” расмийлари икки футболчи билан ҳам маошларини камайтириш масаласини муҳокама қилган. 

Қайд этилишича, агар Пике ва Бускетс маошларининг қисқартирилишига рози бўлмаса, каталонияликлар тўртинчи иқтисодий дастак сифатида кўпроқ телевизион ҳуқуқларни ва “Barsa Studios”нинг акцияларини сотиш йўлидан боришга мажбур бўлади.

Етмаганига “Барселона”нинг Френки де Йонг олдида 19 миллион евролик қарздорлиги бор. Нидерландиялик футболчи ушбу пуллар унинг ҳисоб рақамига ўтказилмагунча клубни тарк этмаслигини қатъий таъкидламоқда. Де Йонг олдидаги қарз клубнинг мажбурияти бўлса-да, расмийлар пулларни тўламаслик учун ҳаракат қилмоқда. Бироқ жамоанинг ушбу ҳаракатлари бефойда. Сабаби де Йонгдан қутулишнинг ягона йўли унга қарзларни қайтаришдир. 

Хуллас, “Барселона” билан содир бўлаётган беқарорликлар қачон тугаши ҳануз номаълумлигича қолмоқда.

Маълумот учун, ёзги трансфер ойнасида Франк  Кессье ва Андреас Кристенсен эркин агент сифатида “Барселона” билан шартнома имзолади. Шунингдек, “Лидс” ярим ҳимоячиси Рафиня Диас 58 миллион еврога ва Роберт Левандовски “Бавария”дан ва 45+5 миллион евро эвазига харид қилинди. Қолаверса, “Севилья” клуби футболчиси Жюль Кунде 50 миллион евро эвазига сотиб олинди.


Мақола муаллифи

Теглар

“Барселона” Жерар Пике Серхио Бускетс

Баҳолаганлар

192

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг