Бангладешнинг собиқ бош вазирига жиноят иши очилди

Олам

image

Бангладешнинг ҳокимиятдан ағдарилган собиқ бош вазири Шайх Ҳасина ва унинг маъмуриятидаги 6 нафар нуфузли шахсга нисбатан қотиллик бўйича жиноят иши очилди. Бу ҳақда “ETV Bharat” хабар берди.

Ушбу жиноят иши Бангладешда жорий йилнинг июль ойидаги тартибсизликлар чоғида полиция бир одамни ўлдиргани учун очилган ҳамда ҳозирда мамлакатдан чиқиб кетмаган амалдорлар билан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Шайх Ҳасина ва яна олти кишига нисбатан иш қўзғатилди”, деган фуқаро номидан ишни олиб бораётган адвокат Мамун Миа.

Қайд этилишича, бу Бангладеш қонунчилиги бўйича жиноий терговнинг биринчи босқичидир. Мианинг судга берган аризасида, шунингдек, Ҳасинанинг собиқ ички ишлар вазири Асадуззамон Хон ва Ҳасинанинг “Авами Лигаси” партияси Бош котиби Обайдул Кадер ҳам айбдорлар қаторида кўрсатилган.

Ҳужжатда, шунингдек, Ҳасина ҳукумати томонидан тайинланган, лавозимидан озод этилган тўрт нафар юқори даражадаги полиция зобитлари номи ҳам келтирилган. Ишда жами 7 киши жорий йилнинг 19 июль куни норозилик намойишларини зўравонлик билан бостириш вақтида полиция томонидан отиб ўлдирилган озиқ-овқат дўкони эгасининг ўлими учун жавобгарликда айбланмоқда.

“The Daily Star” газетасининг хабар беришича, иш отишма содир бўлган маҳаллада яшовчи ва жабрланувчининг яқини Амир Ҳамза Шотил номидан қўзғатилган. Ҳасина ҳукумати инсон ҳуқуқларини кенг миқёсда бузиш, жумладан минглаб сиёсий рақибларни судсиз ўлдиришда айбланган.

Маҳаллий ОАВнинг ёзишича, Нобель мукофоти лауреати Муҳаммад Юнус Ҳасина ҳокимиятининг четлатилганидан уч кун ўтиб Европадан қайтган ва вақтинчалик маъмуриятга раҳбарлик қила бошлаган. 84 ёшли Юнус 2006 йилда тинчлик учун Нобель мукофотига сазовор бўлган ва миллионлаб бангладешликларга қашшоқликдан халос бўлишга ёрдам берган.

Эслатиб ўтамиз, Бангладешнинг собиқ бош вазири Ҳасина истеъфога чиққач, юзлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган кенг кўламли намойишлар фонида ҳарбий вертолётда Ҳиндистонга чиқиб кетганди. Бош вазир қочиб кетгач Бангладеш парламенти тарқатиб юборилди. Бангладеш армияси бошлиғи генерал Вақер уз-Замон эса мамлакатда муваққат ҳукумат тузилишини маълум қилди. Кейинчалик Шайх Ҳасина ўз лавозимидан четлатилиши ортида АҚШ турганини, чунки у Вашингтонга Бенгал кўрфази устидан таъсир кўрсатишига имкон берувчи Сент-Мартин оролини топширишдан бош тортганини айтди. Оқ уй эса бу айбловни рад этди.


Мақола муаллифи

Теглар

жиноят Бангладеш Шайх Ҳасина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made