Бангладеш собиқ бош вазири истеъфоси ортида АҚШ турганини айтди
Олам
−
12 Август
4980Бангладешнинг собиқ бош вазири Шайх Ҳасина ўз лавозимидан четлатилиши ортида АҚШ турганини, чунки у Вашингтонга Бенгал кўрфази устидан таъсир кўрсатишига имкон берувчи Сент-Мартин оролини топширишдан бош тортганини айтди. Бу ҳақда “Тhе Economic Times” нашри хабар берди.
“АҚШ Шайх Ҳасинани Сент-Мартин оролидаги назоратни беришдан бош тортгани учун ҳокимиятдан сиқиб чиқаришни мақсад қилган, бу эса АҚШга Бенгал кўрфазига таъсир ўтказишга имкон берган бўлар эди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, маҳаллий тилда Нарикел Зинзира ёки Ҳиндистон ёнғоғи ороли номи билан танилган Сент-Мартин ороли атиги уч квадрат километрни эгаллаган кичик қуруқлик бўлиб, Бенгал кўрфазининг шимоли-шарқий қисмида, Кокснинг учидан тахминан 9 км жанубда жойлашган.
Собиқ бош вазир Ҳасина ўз ҳисоботида оролнинг стратегик аҳамияти ва минтақадаги потенциал геосиёсий таъсирини таъкидлаб, орол суверенитетида муросага келмасликни танлаганини айтган.
Бироқ Ҳасинанинг АҚШда яшовчи ўғли Сажиб Вазед Х тармоғидаги саҳифасида онасининг яқинда газетада чоп этилган истеъфоси ҳақидаги баёноти бутунлай ёлғон ва уйдирма эканлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 август куни Бангладеш Бош вазири Шайх Ҳасина ўтган ойда юзлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган кенг кўламли намойишлар фонида ҳарбий вертолётда Ҳиндистонга учиб кетганди. Кейинчалик Бангладеш Президенти Шаҳабуддин Чуппу Бош вазир Шайх Ҳасинанинг истеъфога чиқиши ортидан муваққат ҳукумат тузиш учун Даккадаги парламентни тарқатиб юборгани айтилганди.
Зебо Туробжонова
LiveБарчаси