Бангладеш раҳбари инсониятга чақириқ билан чиқди
Олам
−
18 Февраль
31260Бангладеш Бош вазири Шайх Ҳасина Мюнхен хавфсизлик конференциясида дунё етакчиларини бемаъни қуролланиш пойгасига чек қўйишга ва ресурсларни иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашишга йўналтиришга чақирди. Бу ҳақда у конференциянинг иқлимни молиялаштириш бўйича панел муҳокамаси чоғида сўз очган.
"Маъносиз қуролланиш пойгасини тўхтатиш ва ресурсларни жуда зарур бўлган иқлим фондига йўналтириш керак. Шуни ёдда тутайликки, инсониятнинг мавжудлиги хавф остида қолганда, тор манфаатларга интилиш бизни ҳеч қаерга олиб бормайди”, деган Бош вазир.
Январь ойида бўлиб ўтган умумий сайловда ғалаба қозонганидан кейин биринчи расмий хорижий сафарини амалга оширган Бош вазир иқлим ўзгаришини юмшатиш учун халқаро иқлим молиясининг жорий ҳолатини сезиларли даражада ошириш зарурлигини қўшимча қилган.
"Афсуски, иқлим бўйича қатъий ва фойдаланиш мумкин бўлган молия ачинарли даражада кам. Вазият "иқлим молияси" тушунчасининг халқаро миқёсда келишилган таърифи ва уни қандай ҳисобга олиш кераклиги йўқлиги туфайли янада мураккаблашмоқда ", деган Ҳасина.
Бош вазирнинг аниқлик киритишича, Бангладешнинг глобал углерод чиқиндиларига қўшган ҳиссаси унчалик катта бўлмаса-да (глобал чиқиндиларнинг 0,47 фоизидан камини ташкил этади), мамлакат иқлими ёмон давлатлар орасида еттинчи ўринни эгаллайди.
“Тахминларга кўра, мамлакатда 2050 йилгача ялпи ички маҳсулотнинг йиллик йўқотишлари иқлим ўзгариши туфайли 2% ни, 2100 йилга келиб эса 9% ни ташкил қилади. Бангладешда 13,3 миллионга яқин одам иқлим ўзгариши таъсири туфайли мамлакат ичида кўчирилиши мумкин”, деган 76 ёшли вазир.
Бангладеш раҳбари мамлакат йиллик бюджетининг тахминан 4,6 фоизини ва ялпи ички маҳсулотининг 0,74 фоизини иқлим ўзгаришига мослашиш ва барқарорликка сарфлашини қайд этган. Унга кўра, Бангладеш иқлим ўзгариши бўйича фонди (BCCTF) 2009 йилда ўз маблағлари ҳисобидан ташкил этилган ва ҳозиргача жамғарма тахминан 480 миллион долларлик сармоя билан 800 дан ортиқ лойиҳаларни амалга оширган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Африка давлатлари глобал иқлим солиғини жорий этишни таклиф қилган эди.
LiveБарчаси