Бангладеш трибунали қувғиндаги собиқ бош вазирни ҳибсга олишга ордер берди
Олам
−
17 Октябрь
1981Бангладеш Халқаро Жиноят Трибунали бугун, 17 октябрь куни Ҳиндистонда бўлган собиқ бош вазир Шайх Ҳасинани шу йил бошида бошланган намойишлар чоғида оммавий қотилликларга алоқадорликда айблаб, ҳибсга олишга ордер берди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Давлат секторидаги иш квотасига қарши талабалар бошчилигидаги ҳаракат сифатида бошланган норозилик намойишлари 1971 йилда мамлакат мустақилликка эришганидан бери энг ҳалокатли тартибсизликларга айланди, оқибатди 700 дан ортиқ ўлим ва кўплаб жароҳатлар қайд этилди.
Зўравонликлар охир-оқибат Ҳасинани 5 август куни Ҳиндистонга қочиб кетишга мажбур қилди ва тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори Муҳаммад Юнус бошчилигидаги муваққат ҳукумат жавобгарликни ўз зиммасига олди.
Судья Голам Мортуза Мажумдар раислигидаги трибунал ишида прокурорлар 50 нафар шахс, жумладан, Ҳасинани ҳибсга олиш учун ордер беришни сўради.
“Биз судга мурожаат қилдик, агар ўта нуфузли айбланувчилар ҳибсга олинмаса, терговни олиб боришнинг имкони йўқ. Техник тергов ўтказиш мақсадида ҳибсга олиш учун ордер сўраб мурожаат қилдик. Суд илтимосимизни қаноатлантирди ва собиқ бош вазир Шайх Ҳасинани ҳибсга олишга қарор қилди. Бундан ташқари, у ҳибсга олиниб, 18 ноябргача ушбу судга олиб келиниши ҳақида буйруқ берди”, деди журналистларга бош прокурор Муҳаммад Тожул Ислом.
Ҳозиргача Ҳасина ва унинг Авами Лигаси партиясининг бошқа етакчиларига қарши 60 дан ортиқ шикоят юборилган. Ҳозирча изоҳ бериш учун Авами Лигасининг партия етакчилари мавжуд эмас, чунки кўплаб юқори мартабали аъзолар ҳибсга олинган ёки яширинган.
Ҳасинанинг ўғли Сажиб Вазед август ойида “Reuters” агентлигига онаси Бангладешда судга тортилишига тайёрлигини айтди ва "Онам ҳеч қандай ёмон иш қилмаган", деб қўшимча қилди.
Бангладешнинг амалдаги Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Тоуҳид Ҳусайн 17 октябрь куни суд томонидан белгиланган бир ойлик муддат ичида Ҳасинани Ҳиндистондан қайтариш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишини айтди.
"Трибунал бир ой вақт берди. Биз, албатта, бу орада уни қайтаришга ҳаракат қиламиз, биз учун нима керак бўлса, қиламиз", деди у журналистларга.